Мавзу: “Йигит кишига етмиш хунар оз ”
Мақсад:
Ўзбек ўғлонларига хос мард, жасур, бир сўзли, ватанпарвар, лафзи халол бўлишнинг ахамияти хақида тушунча бериш, ёшликдан ҳунар ўрганишга мойил бўлиш, қимматли вақтни зое кетказмаслик, йўқса кейин пушаймон бўлишни тушунтириш.
Дарс жихози:
Турсуной Содиқованинг китоблари, хадислар, китоб ва журналлардан олинган материаллар
Ёшликдан ҳунар ўрганишга мойил бўлинг. Қимматли вақтингизни зое кетказманг. Йўқса кейин пушаймон қиласиз. Халқимиз «Ҳунар – ҳунардан унар», деб бежиз айтмаган. «Йигит кишига етти ҳунар оз», «Қиз боланинг ҳусни ҳунаридан билинади», - деган мақоллар минг-минг синовлардан ўтган ҳикматлардир.
Ривоят. Қадим замонда бир ака-ука яшаган экан. Улардан бири савдогарчилик билан пул топишни, иккинчиси ҳунар ўрганишни орзу қилибди. Вақт-соати келиб иккиси балоғат ёшига етишгач ўзаро маслаҳатлашишибди.
- Ука, — дебди акаси, — орзуларимизга етишиш учун ҳаракат қилайлик. Илло, умр ўтиб боряпти.
— Тўғри, — дебди укаси. акасининг гапини маьқуллаб.
— Бизни йўлимизда бахт-саодат кутиб турибди. Бориб уни топиб келайлик.
Ота-оналари топган бойликларини тенг иккига бўлиб беришгач, ака-уканинг, бири мағрибга, иккинчиси машриққа йўл олибди.
Тижоратни орзу қилган ака йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб юрт кезибди. Ота-онаси берган пулларга бир жойдан мол олиб, иккинчи жойда сотаверибди. Қараса, ишлари юришяпти. Кўрган фойдасмдан завқланиб, тижорат ишини қизитиб юравериб еақт ўтгани-ни билмай қолибди. Қараса, уйидан чиққанига ўн йил бўлибди. Йиққан бойликларини ҳисоб-китоб қилса жуда кўпмиш. Ҳаммасини туяларга ортиб, катта карвон қилиб уйига жўнабди. Бироқ, минг афсуски, йўлда қароқчиларга дуч келиб, ҳамма бойлигидан айрилибди. Ўзи ўлмай қолганига шукур қилиб қочиб қолибди. Хуллас, шип-шийдам бўлиб, уйига аранг етиб келибди. Қараса, ота-онаси ҳам оламдан ўтиб кетибди. Не қиларини билмай, очликдан силласи қуриб ўтирса, укаси кириб келибди. У дурадгорлик, ганчкорлик, мусаввирлик ҳунарларини мукаммал ўрганган экан. Кўп ўтмай унинг довруғи бутун мамлакатга ёйилибди.
Кунларнинг бирида бу довруғи кетган ҳунармандни подшоҳ чақиртириб ажойиб кошона қуриб беришини сўрабди. Ҳунарманд уни шундай қойилмақом қилиб қурибдики, бундан боши осмонга етган подшоҳ унга бўйи баробар олтин инъом қилибди.
Ана шунақа, болаларим, Пул — қўлнинг кири, ҳунарнинг эса турган-битгани зар, деб шунга айтадилар, Сизлар ҳам топган бойликларингизга (илоҳим Худо берсин) маҳлиё бўлиб юравермай, ёшлигингиздан касб-ҳунарли бўлишга ҳаракат қилинг. Шундай қилсангиз ҳеч қачон юқорида мен сизларга айтиб берган ривоятдаги акага ўхшаб хор бўлмайсиз.
Ҳунар — бу туганмас зарга ўхшайди,
Ҳунарсиз мисоли харга ўхшайди.
Ўқи, ҳунар ўрган десанг эшитмас
Кимсанинг қулоғи карга ўхшайди.
МАЗАСИ ЙЎҚ ҚИЛГАН ИШИНИНГ
Йигит кишига етмиш хунар оз,
Ҳунар кўркдир инсон зотига.
Ҳунарлининг иши доим соз,
Қут киритар бор бисотига.
Ҳунар билан олам фусункор,
Ҳунарни зар дерлар, ёронлар.
Бир хунарда минг мўъжиза бор,
Ҳар ҳунарга шарафлар, шонлар!
Ҳунар олур эси бут инсон,
Ризқ манбаи у ҳар кишининг.
Ҳунари йўқ одамни, ишон,
Мазаси йўқ қилган ишининг.