Просмотр содержимого документа
«Qalbimiz ziyosi ustoz!»
Қалбимиз зиёси -- устоз!
«Ўзбекистон шароитида бугундан бошлаб жамиятдаги энг ҳурматли инсон -- муаллимдир»
Шавкат Мирзиёев
Дунёда касблар кўп, ҳунарлар бисёр. Улар орасида шундай бир касб борки, унинг эгалари ҳар доим эл ардоғида, ҳурмат, эътиборида бўлишади. Улар келажак авлоднинг таълим-тарбиясига масъулдирлар. Шунингдек, ёшларнинг камолоти, баркамол инсон бўлиб вояга етишларида уларнинг меҳнати таҳсинга лойиқдир. Ҳа, улар устозлар!
Хўш, ўзи устозлар, ўқитувчилар қачондан буён мавжуд?
Ўқитувчилик касби жуда қадим замонлардан бери инсон фаолиятининг алоҳида тури сифатида мавжуд. Чунки инсон фақат таълим-тарбия туфайлигина ҳаётини ривожлантира олган. Дунё тамаддунининг Оссурия, Бобил, Миср, Туркистон, Ҳиндистон, Хитой каби қадимий ўчоқларидан топилган тарихий-маданий обидалар бу ўлкаларда ўқитувчилик касби жуда қадим замонларда шаклланганлигини кўрсатади. Бу даврларда энг оқил, тажрибали кишилар ўқитувчилик билан шуғулланишган ва бошқаларга қараганда ортиқроқ имтиёзга эга бўлишган. Техника тараққий этиши билан ўқитувчилик энг оммавий касблардан бирига айланган.
Устозлик ҳамма вақт ҳам обрўли касб саналган. Устозлар мурғаклигимизданоқ қалбимизга эзгулик уруғларини сочади. Ҳар биримизнинг эришган ютуқ ва ғалабаларимизда уларнинг ҳиссаси беқиёсдир. Улар худди ёниб турган шамга ўхшайдилар: ўзи ёниб атрофга зиё таратади. Бошқалар эса ана шу зиёдан баҳраманд бўлади.
Афсоналарга кўра, машҳур саркарда Искандар Румийдан «Нечун Арастуни отангиздан ортиқроқ иззат қиласиз», деб сўрадилар. Искандар жавоб берди: «Отам мени осмондан ерга тушурди, устозим Арасту эса ердан осмонга кўтарди. Яъни отам дунёга келмоғимга сабаб бўлган бўлса, устозим илм ва одоб ўргатиб мартаба ва иззатим ортмоғига сабаб бўлди». Кўриниб турибдики дунёни лол қолдирган инсонлар ҳам устозлари қаршисида таъзимда бўлганлар.
Динимизда ҳам илмли кишиларнинг мартабалари юксакларга кўтарилган. «Мужодала» сурасида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:«Сизлардан имон келтирганлар ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур».
Қатор ҳадисларда ҳам устозларни ҳурмат қилиш, эъзозлашга чақирилган. Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қилиб дедилар:«Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!» Яна бир ҳадисга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в) Аллоҳга илтижо қилиб:«Эй Аллоҳ, алим(билимдон)га эргашилмайдиган, ҳалим(оқил)дан эса ҳаё қилинмайдиган бир замон устимга келиб қолмасин!» деб олим ва муаллим ҳурмат қилинмайдиган замонда яшашдан паноҳ сўрар эдилар (Имом Аҳмад ривояти).
Устозлар ҳамма замонларда бирдек эъзозланган. Биринчи президентимиз Ислом Каримов устозларга шундай таъриф берган эди:«Агарки, дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касблар ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир. Чиндан ҳам ўқитувчи наинки синф хонасига файз ва зиё олиб кирадиган, балки, минг-минглаб мурғак қалбларга езгулик ёғдусини баҳш этадиган, ўз ўқувчиларига ҳақиқатдан ҳам ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зотдир».
Ҳар бир саволимизга эътибор ва босиқлик билан жавоб берувчи, элнинг назари ва ардоғидаги азиз устозлар, қаршингизда ҳамиша таъзимдамиз.