kopilkaurokov.ru - сайт для учителей

Создайте Ваш сайт учителя Курсы ПК и ППК Видеоуроки Олимпиады Вебинары для учителей

Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти

Нажмите, чтобы узнать подробности

Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти

Вы уже знаете о суперспособностях современного учителя?
Тратить минимум сил на подготовку и проведение уроков.
Быстро и объективно проверять знания учащихся.
Сделать изучение нового материала максимально понятным.
Избавить себя от подбора заданий и их проверки после уроков.
Наладить дисциплину на своих уроках.
Получить возможность работать творчески.

Просмотр содержимого документа
«Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти»

Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти

Режа:

  1. Оммавий маданий-маърифий тадбирларнинг мақсад вазифалари ва турлари.

  2. Оммавий маданий тадбирларни ўтказиш хусусиятлари

  3. Миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилишда оммавий маданий тадбирларнинг ўрни ва роли.

  4. Хулоса

  5. Фойдаланилган адабиётлар

















Оммавий маданий-маърифий тадбирларнинг мақсад вазифалари ва турлари.

Илм-фанимизнинг хозирги замондаги долзарб вазифаларидан бири - ёшларни маънавий-ахлоқий жихатдан тарбиялаш, миллий ғоямизни назарий жихатдан янада такомиллаштиришдан иборат. Талабалар онгига миллий ғояни сингдириш орқали уларнинг дунёқарашини, шахсиятини шакллантириш бугуннинг долзарб масаласидир.

Оммавий маданий-маърифий тадбирлар ёшларни маънавий-ах­лоқий, миллий-маънавий руҳда тарбиялашда катта ўрин тутади. Маданий-маърифий тадбирни ўзига хос хусусиятларини хисобга олиб ўтказиш орқали ёшларни миллий маънавий-ахлоқий қадриятлар руҳида тарбиялаш, улар онгига миллий истиқлол ғоясини сингдириш борасидаги фаолиятимизда юқори самарадорликка эришиш мумкин.

Таълим тизимида маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш ва уларнинг маънавий-ахлоқий тарбияга йуналтирилганлигини таъминлаш таълим муассасалари рахбарлари, аввало, ўқув юрти рахбарининг маънавий-марифий ишлар бўйича ўринбосарларининг вазифасидир. Шу хақда фикр юритар экан, педагогика фанлари номзоди, доцент С.Турғунов, улар «... ўз фаолияти давомида ўқувчиларнинг мактаб ва мактабдан ташқари фаолиятидан хабардор бўлиши ва уларни назоратга олиши. маданий на маърифий тадбирларга кенг жалб қилишнинг самарали йўлларини қўллаши зарур»лигини таъкидлайди.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда қуйидаги жихатларга риоя қилиш мақсадга мувофиқ:

  • оммавий маданий-маърифий тадбирларда юқори интерактивликка эришиш;

  • ўзини-ўзи тарбиялаш жараёнини ташкил этиш;

  • тадбирга комплекс ёндашиш;

  • тадбирнинг маънавий-ахлоқий, миллий, тарбиявий руҳда бўлиши;

  • инсон ва жамият манфаатларига уйғунлиги ва х. к.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларнинг маънавий-ахлоқий тарбиядаги аҳамиятини тадқиқ этиш, аввало, шу атама ва унга турдош бўлган «маънавий-маърифий тадбирлар», «маданий тадбирлар», «бадиий-оммавий тадбирлар», «оммавий тадбирлар», «бадиий тадбирлар» сингари атамаларнинг мазмун доираси ва мохиятини аниқлашни тақозо этади.

Оммавий маданий тадбирларни ўтказиш билан шуғулланадиган муассасалар турли-туман бўлиб, улардан хар бири муайян турдаги тадбирларни ўтказишга ихтисослашади: «Маданий ишларни олиб борувчи хар бир муассаса ўз мохияти, хусусияти, имкониятларидан келиб чиқиб, ўзи­га хос шакл-тадбирлардан фойдаланади. Жумладан, дра­ма театрлари спектакллардан, профессионал мусиқа-чолғy ансамбллари концертлардан, ўқув муассасалари дарс, лекция, семинар каби шакллардан фойдаланиб, улар орқали ўз фаолиятини олиб боради».

Шу фикрни давом эттириб айтиш мумкинки, ўқув муассасаларида ҳам дарс жадвали асосида ижтимоий-гуманитар фанлар буйича ўтилаётган машғулотларда маъ­руза, семинар каби шакллар билан чегараланиб қолмасдан, дарс жараёнида ўтилаётган мавзуларга оид маданий тадбирларнинг бошқа шаклларидан ҳам фойдаланиб, ма­салан, мавзули кечалар, ўткир зехнлилар бахслашувла­ри, илмий бахслар, мунозара, ижодий учрашув, қувноқлар ва зукколар танловлари каби шаклларини айнан ўти­лаётган курс мавзуларига боғлаб ўтказилса, машғулотларнинг қизиқарлилиги ортиши билан бирга уларнинг тарбиявий самарадорлиги ҳам кескин ошади. Бу усул болаларнинг мавзуга қизиқишларини сезиларли ўстириш билан бирга машғулотларнинг интерфаол бўлишини таъминлайди. Машгулотларнинг асосий қисми шундай усул билан ўтказилиши мақсадга мувофиқдир. Бу усул билан ишлаш педагогдан илмий-ижодий ёндашув, талабчанлик, ижодкорлик, ташкилотчилик, жонкуярликни талаб этади. Шу билан бирга ёшларда ҳам ташаббускорлик, ижодкорлик, масъулият, ташкилотчилик каби фазилатлар шакллана боради.

Мустақиллик йилларида ташкил этилган «Маънавият ва маърифат» Кенгаши ўз мохияти, вазифалари, хусусиятлари, имкониятларидан келиб чиқиб, маданий тадбирларнинг қатор шаклларини ўтказди ва булар «маънавий-маърифий тадбирлар» деб аталди. «Маданий-маърифий тадбирлар» хақида сўз борганда, маданий-маърифий муассасаларда, ўқув, маданият, санъат муассасаларида «Маънавият ва маърифат» кенгашлари томонидан олиб бориладиган, кўпроқ аниқ маънавият ва маърифат мавзуларига бағишланган тадбирларни тушуниш мумкин.

Маданий-маърифий тадбирлар деганда, бошланғич синф ўқувчиларини маънавий-ахлоқий жихатдан тарбиялаш, уларнинг маданий савиясини ошириш, билимини ўстириш, ижодий қобилиятларини ривожлантириш, бўш вақтини, дам олишини кўнгилли ўтказиш, ижтимоий, маданий ва маънавий эхтиёжларини қондиришга хизмат қилувчи тадбирлар тушунилади.

«Хозирги кунда барча маданий-маърифат ишининг йуналиши хар бир кишига миллий истиқлол ғоясини сингдириш, баркамол инсонни вояга етказиш, ватанпарварлик, мехр-оқибат, имону эътиқодни тарбиялашга қаратилган».

Профессор У.Қорабоев таъкидлашича, оммавий тад­бирларни тарбиявий ва маданий иш сифатида барча давлат муассасалари, касаба уюшмалари, ёшлар уюшмалари, оммавий ахборот воситалари, санъат муассасалари, ишлаб чиқариш корхоналари, жамоа хўжаликлари, мудофаа ташкилотлари, спорт, экскурсия-туристик муасса­салари, курорт, соғлиқни сақлаш ва дам олиш ташкилот­лари ўз ишининг бир бўлаги сифатида, яъни асосий вазифадан ташқари холда уюштириб, бу тадбирлар оркали мехнаткашларнинг дам олишини, тарбиявий, маданий-маъ­рифий ишни, хаваскорлик ижодини ташкил қиладилар.

Маданий-маърифий тадбирларни юқорида қайд этил­ган ташкилот ва муассасалар ишининг бир бўлаги сифатида, яъни асосий вазифадан ташқари ҳолатда ташкил қилинса, хозирги замон талабларидан келиб чиқиб, шуни ҳам қўшимча қилган холда таъкидлаш лозимки, бу тад­бирлар ўқув юртлари педагог-ўқитувчилари ишининг асосий қисми, асосий вазифаси сифатида қаралиб, улар бевосита бажариши зарур бўлган асосий функцияларидан хисобланиши лозим. Чунки, таълим жараёнида фақатгина маъруза ўқиш, семинар ўтказиш каби шакллар билан чекланилса, бир томондан, машғулотлар зерикарли бўлиб қолса, иккинчи томондан, таълим жараёнининг тарбиявий жихати оқсаб қолиши мумкин. Таълим жараёнига кувноқлар ва зукколар тортишувлари, илмий бахслар, мунозара, ижодий учрашув, мавзули кеча сингари мада­ний-маърифий тадбирларни жалб этиш машғулотларнинг жуда қизиқарли бўлишини таъминлаш билан бирга улар­нинг тарбиявий жихатдан юқори самарали бўлишига ҳам кўмаклашади. Бу эса мазкур тадбирлар таълим ва тарбиянинг узвийлигини таъминлаш билан бирга уларнинг хар иккиси ҳам юқори самарали бўлишига хизмат қилишини англатади.

Педагоглар ёшлар дунёқарашини шакллантириш, уларнинг билимдонлигини ошириш ва маънавий-ахлоқий тарбиялаш мақсадида тарбиявий ва маданий-маърифий ишни узвий холда ташкил қилишлари талаб этилади. Таълим муассасаларида олиб бориладиган мада­ний-маърифий иш аниқ мақсадга йуналтирилган педагогик жараёнга сингиб кетган бўлиши лозим.

Ўқувчиларни қандай қилиб маьнавий-ахлоқий тарбия­лаш кераклигини аниқ режалаштирмай туриб, улар орасида бу борадаги тарбиявий ишни самарали олиб бориб бўлмайди. Бу борада иш олиб борадиган хар бир педагог шу тарбиянинг мохияти, усуллари, шакллари тўғрисида аниқ тасаввурга эга бўлиши зарур.

Маънавий-ахлоқий тарбия жараёнида миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғоялари ахлоқнинг бурч, виждон, ор-номус каби бир қатор категориялари билан уйғунлаштирилган ҳолда олиб борилади, мафкурага алохи­да аҳамият берилади. Бу тарбиянинг мазмунини миллий истиқлол мафкурасининг асосий ғоялари - ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ташкил этади. Бу жараёнда ахлоқ қуйидаги функцияларни бажаради:

  • кишилар ўртасидаги турли муносабатларни мувофиқлаштириш;

  • кишилар фаолиятининг инсонпарвар қадриятлари ва мўлжалларини белгилаб бериш;

  • шахсни ижтимоийлаштириш» таъминланишига ало­хида эътибор қаратилади.

Кундалик турмушда, фаолиятимизда миллий, маънавий-ахлоқий қадриятларимизга амал қилинади. Бу қадриятла­римиз эса миллий маданиятимизнинг асосини ташкил этади.

Ғоявий-ахлоқий тарбия билан маънавий-ахлоқий тар­биянинг ўртасидаги умумийлик шундан иборатки, мил­лий ғоямиз миллий қадриятларимиз тизимидан иборат ва шу миллий қадриятларимиз миллий маънавиятимизни ифодалайди.

«Маънавият - тарбиянинг энг таьсирчан қуроли. Ахлоқ - маьнавиятнинг ўзаги. Ахлоқ - бу аввало, инсоф ва адолат туйғуси, имон, халоллик дегани. Қадимги аждодларимиз комил инсон тарбияси хақида бутун бир ахлоқий талаблар мажмуасини, замонавий тилда айтсак, шарқона ахлоқ кодексини ишлаб чиқарганлар».

Ғоявий-ахлоқий тарбияда кўпрок мафкуравий таъсир ўтказишга эътибор қаратилади. Маънавий-ахлоқий тар­бияда эса ахлоқ билан маънавият мезонларига асосла­ниб, кўпроқ маънавиятни шакллантириш ва ривожлантириш учун таъсирни кучайтиришга эътибор қилинади.

Оммавий маданий-маърифий тадбирлар орқали ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда юқори самарадорликка эришиш учун, бу тадбирларни ташкил этиш ва ўтка­зишда тарбиявий таъсирга алохида эътибор бериш ҳамда ўзини-ўзи тарбиялаш жараёни кечишига ундайдиган механизмларни ишга солиш лозим.

Маънавий-ахлоқий тарбия ва ўзини-ўзи тарбиялашда ёшларнинг фазилатларини ривожлантириш ва кундалик одатларни ижобий томонга ўзгартиришга ундайдиган эхтиёжлар асосий мазмун касб этади. Бу эхтиёжлар хақида сўз борганда, миллий истиқлол мафкураси, миллий, маънавий-ахлоқий, инсонпарвар қадриятларга асосланган дунёқарашнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаш ло­зим.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларнинг юқори тарбиявий аҳамиятга эга бўлиши ва кўзланган мақсадга эришиши учун педагог бу тадбирлар орқали миллий истиқлол маф­кураси бажариши лозим бўлган асосий вазифаларга асосланиши ва шу вазифаларни бажаришни мақсад қилиб олиши ҳамда бунга эришиш учун зарур мухит яратиши лозим.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилувчи пе­дагог ўқувчиларда ўзини-ўзи тарбиялашни йўлга қўйиши учун уларга истиқболни аниқ кўра билишларида, унга эришиш йўлларини излаб топишида, юксак идеалларга эга бўлишларида ёрдам бериши ва имконият яратиши лозим. Бу борада педагог маданий-маърифий тадбирлар орқали ўқувчиларда халқимизнинг қуйидаги миллий хусусиятларини шакллантириш ва ривожлантиришни назарда тутиши керак:

  • «халқимиз хаётида қадим-қадимдан жамоа бўлиб яшаш руҳининг устунлиги;

  • Жамоа тимсоли бўлган оила, махалла, эл-юрт тушунчаларининг муқаддаслиги;

  • ота-она, махалла-куй, умуман жамоатга юксак ҳурмат-эътибор;

  • миллатнинг ўлмас руҳи бўлган она тилига мухаббат;

  • каттага — ҳурмат ва кичикка - иззат;

  • мехр-мухаббат, гўзаллик ва нафосат, ҳаёт абадийлигининг рамзи - аёл зотига эҳтиром;

  • сабр-бардош ва мехнатсеварлик;

  • ҳалоллик, мехр-окибат ва хоказо».

Шунингдек, маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилишда ва ўтказишда педагог қуйидаги умумбашарий қадриятларга асосланиб сценарийлар яратиши мақсадга мувофиқдир. Улар қуйидагилар:

  • «қонун устуворлиги;

  • инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва хурфикрлилик;

  • турли миллат вакилларига ҳурмат ва улар билан баҳамжихат яшаш;

  • диний бағрикенглик;

  • дунёвий билимларга интилиш, маърифатпарварлик;

  • ўзга халқларнинг илғор тажрибалари ва маданиятини ўрганиш ва хоказо».

Миллий истиқлол мафкурасининг юқорида қайд этилган миллий ва умуминсоний тамойиллари, миллий истиқлол мафкурамизнинг асосий ғоялари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳаётимизда қарор топишига ёрдам беришни, жамият учун фойдали бўлишни мақсад қилиб қўйган ҳар бир ўқувчида юксак ахлоқий мезонларга интилиш пайдо бўлади. Бунга эришиш учун эса, ўзини-ўзи тарбиялаш билан мунтазам равишда шуғулланиш, жамиятнинг, Ватаннинг фақат бугунги манфаатлари ҳақидагина эмас, балки унинг келажаги тўғрисида ҳам ғамхўрлик қилиш руҳида тарбиялаш тақозо этилади. Миллий маънавиятимиз асосчилари, буюк аждодларимизнинг, алломаларимизнинг ҳаёти ва фаолияти ёшларимиз учун инсоний идеал, ёрқин ахлоқий намуна, хақиқий ибратдир. Уларнинг ахлоқий фазилатлари, хақиқий олижаноблиги, одамийлиги, мехрибону ғамхўрлиги, камтаринлиги, халқона қадриятларга содиқлиги, миллат келажаги учун фидойилиги - мустақил Ўзбекистонимиз тараққиётининг пойдевори ҳисобланмиш комилликка интилувчи ҳар бир фаол йигит-киз учун илхомлантирувчи манба бўлиб хизмат қилади.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларни ўтказишда самарадорликка эришиш учун бу тадбирлар интерфаолликка асосланиши зарур. Лекин ҳар қандай тадбир ҳам интерфаол бўлавермаслигини унутмаслик керак. Маданий-маъ­рифий тадбирни интерфаол ҳолатда ўтказмоқчи бўлган педагог, аввало, интерфаол жараённинг мохиятини тўғри тушуниб олиши керак. Кузатишимиздан маълум бўлдики, айрим «эски қолип»да ишлаб ўрганган педагоглар «ин­терактив жараённи ўқитувчининг ва ўқувчининг савол-жавоблари» деб тушунишар экан.

Интерфаол жараён ўқувчиларнинг мустақил фикр юритишларига кўпроқ имконият яратишни тақозо этади ва ўзаро мулоқотга киришишда ўқитувчининг ҳам, ўқувчи­ларнинг ҳам фаоллиги назарда тутилади. Интерактив жараёнга зид ҳолат, ўқувчилар пассив томон, ўқитувчи-педагог эса фаол мавкени эгаллашидир.

Оммавий маданий тадбирларни ўтказиш хусусиятлари

Оммавий маданий-маърифий тадбирларни интерактив тарзда ўтказиш билан бирга, бу тадбирларнинг миллий руҳда бўлишига алохида эътибор қаратиш лозим. Шундай қилинганда бу тадбирлар ўқувчиларни миллий руҳда тарбиялашга хизмат килади. Зеро, миллатни миллий тарбия шакллантиради. Миллий тарбия халқ педагогикасининг муҳим йўналиши ҳамдир. Маданий-маърифий тад­бирлар мазмун-мохияти билан миллий, маънавий-ахлоқий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, миллий маънавий меросимиз, миллий ғоя ва мафкурамизга, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, муқаддас Куръон ва Хадислардан иборат ислом дини таълимотига асосланиб, таяниб тайёрланиши ва ўтказилиши лозим.

Шуни қайд этиш керакки, республикамиз истиқлолга эришган дастлабки кунлардан Президентимиз И.А. Каримов миллий ва маънавий қадриятларимизни, урф-одатларимизни тиклаш, халқимизнинг буюк тарихини, аждодла­римизнинг улуғвор хизматларини реал кўрсатиш вазифасини қўйди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2-чақириқ 1-сессиясидаги маърузасида ҳам Пре­зидентимиз И. Каримов яна бир бор миллий қадриятлар сохасида амалга оширишимиз лозим булган вазифаларни белгилаб берди: «Бу сохадаги энг асосий вазифамиз мил­лий қадриятларимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, миллий ғоя ва мафкурани шакллантириш, муқаддас динимизнинг маънавий ҳаётимиздаги ўрнини ва ҳурматини тиклаш каби мустақиллик йилларида бошланган эзгу ишларимизни изчиллик билан давом эттириш, уларни янги босқичга кўтариш ва таъсирчанликни кучайтиришдир».

Бошланғич таълимда ўтказилаётган маданий-маърифий тадбирларнинг мохияти ва хусусиятларини таҳлил қилиш уларнинг таснифига баъзи қўшимчалар киритишга имкон беради. Мавжуд адабиётларда маданий-маърифий тадбирлар қуйидаги турларга бўлинади: «турли кечалар, бадиий композициялар, бадиий чиқишлар ва дискоклуб дастурлари, театрлаштирилган концерт ва томошалар, халқ маросимлари ва сайиллари, оммавий байрамлар, кўрик-танловлар каби кўплаб шакллар».

Профессор У. Қорабоев таснифига қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, маданий-маърифий тадбирларни яна қуйидаги турларга бўлиш ҳам мумкин:

1. Уюшган жамоаларда, шу жумладан, ўқув юртларида ўтказиладиган тадбирлар.

  1. Аҳоли турар жойларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар.

  2. Уюшмаган аҳоли ўртасида ўтказиладиган тадбир­лар.

Уюшган жамоаларда ўтказиладиган тадбирлар иштирокчи-томошабинларнинг бир-бирларини билиши, умумий мақсадга интилиши билан характерланади. Бундай жамоа аъзолари ўртасида муайян руҳий яқинлик мавжуд бўлиб, бу ҳолат маданий-маърифий тадбир жараёнида яққол кўзга ташланади. Бундай жамоаларда маданий-маъ­рифий тадбирлар жараёнидаги маънавий-руҳий уйғунлик қисқа муддатда ва юқори даражада юз беради.

Аҳоли турар жойларида ўтказиладиган маданий-маъри­фий тадбирларнинг хусусияти улар ўтказиладиган жой - махалла, қишлоқ, овул, қўрғонча аҳолисининг бир-бирига муайян даражада яқинлиги, танишлиги билан боғлиқ. Улар ўртасидаги руҳий яқинлик уюшган жамоалар аъзо­лари ўртасидаги сингари бўлмаса ҳам, улар бир худудда истиқомат қилиб, бир-бирларини танийдилар ва улар ўртасида яшаш тарзи билан боғлиқ умумий жихатлар мавжуд бўлади.

Уюшмаган аҳоли ўртасида ўтказиладиган тадбирлар, асосан, шахарлардаги маданият саройлари, истироҳат боғлари, концерт заллари ва клубларда ўтказилади. Бун­дай тадбирларни томоша қилиш учун тўпланган фукаролар турли касб эгалари, турли ёш, жинс, ижтимоий қатлам вакиллари бўлиб, улар ўртасида маънавий-руҳий яқин­лик кўзга ташланмайди. Маданий-маърифий тадбир жараёнида улар ўртасида ҳам ана шундай алоқадорлик ва яқинлик вужудга келади.

Таълим тизимида олиб борилаётган маданий-маъри­фий тадбирларни қуйидаги икки турга бўлиш мумкин:

  1. Бевосита таълим жараёнида ўтказиладиган тадбирлар. Уларга маданий тадбирларнинг маъруза, семинар, амалий машғулот каби дарс шаклларида фойдаланиладиган турлари киради. Тадбирларнинг бу туридан фойдаланилганда дарс машғулотлари давомида монологлардан, инсценировкалардан, бадиий асарлардан, видео ва аудио ёзувларидан парчалар келтирилади. Бу тадбир­лар ўрганилаётган предмет, курс ёки фанни чуқурроқ ўзлаштиришга ёрдам беради. Шу билан бирга бу тадбир­лар талабаларга дарс жараёнида қисқа муддатли ҳордиқ бериш функциясини ҳам бажариши мумкин.

  2. Дарсдан ташкари вақтларда ўтказиладиган тадбирлар. Уларга мавзули кечалар, ўткир зехнлилар бахслашувлари, ижодий учрашувлар, илмий бахслар, дам олиш кечалари, мунозара, илмий ва ижодий конферен­ция, театрлашган концерт, оммавий томоша, сайил, байрам, карнавал, кўрик-танловлар, саёхат, экскурсиялар, олимпиада, кўргазмалар, қизиқарли ўйинлар, бадиий-спорт тадбирлари, бадиий ҳаваскорлик тўгараклари ва бошқалар киради.

Оммавий маданий-маърифий тадбирларнинг бу икки тури бир-биридан фақат ўтказиладиган вақти билан фарқланмайди. Уларнинг мақсадлари ҳам турлича. Машғулотлар жараёнида ўтказиладиган тадбирларнинг мақсади шу машғулотда ўрганилаётган мавзуни чуқурроқ англаш, яхшироқ эслаб қолишга хизмат қилишдир. Масалан, «Ўзбекистон тарихи» фани буйича «Ўзбекистонда мил­лий мустақилликнинг кўлга киритилиши» мавзусини ўрганишда 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг сессиясида Президент И.Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини эълон қилаётгани, депутатларнинг бу таклифни ўринларидан туриб узоқ олқишлар билан кутиб олгани видеотасвирини намойиш қилиш ўқувчиларга кучли эмоционал таъсир ўтказади, ушбу мавзуни яхши англашлари ва эслаб қолишларига кўмаклашади.

Дарсдан бўш вактларда ўтказиладиган тадбирлар ўқув режасидаги муайян бир мавзуга эмас, балки барча синфлар учун умумий бўлган йўналишда ўтказилади. Булар жумласига мавзули кечалар, ўткир зехнлилар бахслашувлари, ижодий учрашувлар, илмий бахслар, дам олиш кечалари, мунозара, илмий ва ижодий конференция, театрлаштирилган концерт, оммавий томоша, сайил, байрам, карнавал, кўрик-танловлар, саёхат, экскурсиялар, олимпиада, кўргазмалар, қизиқарли ўйинлар, бадиий-спорт тадбирлари, бадиий хаваскорлик тўгараклари ва бошқалар киради. Бу тадбирларда кўнгил очиш кўпроқ ўрин эгаллайди. Лекин, одатда бу тадбирларда мазкур ўқув юрти хусусиятлари, йуналиши ҳам муайян даражада акс этади.

Таълим тизимида ўтказилган маданий-маърифий тадбирларнинг тарбиявий салохияти, роли ортиб бориши қуйидаги ташкилий ҳолатлар билан боғлиқ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг буйруғига асосан, мамлакатимиздаги барча мактаблари директорларининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича ўринбосарлари лавозими таъсис этилди. Бундан ташқари, барча ўқув юртларида маънавият бўлимлари ташкил этилди. Бундай ҳолат, таълим тизи­мида маданий-маърифий тадбирларни тизимли тарзда ва юқори самара билан ўтказиш учун жиддий асос яратди.

  2. Ўқув юртлари рахбарларининг маънавият масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимининг таъсис этилиши маданий-маърифий тадбирларнинг миқдорий жихатдан ўсиши учун ҳам асос яратди. Маданий-маърифий тад­бирларнинг ўтказилиши бўйича махсус статистика юритилмаса ҳам, бундай тадбирларнинг миқдори жиддий ўсганини гувоҳи бўламиз.

3. Ўқув юртларидаги маданий-маърифий тадбир­ларнинг педагогик салохияти ва самарадорлиги юқори бўлишини таъминлайдиган яна бир омил ўқув юртла­ридаги ўзига хос маънавий-руҳий иқлимдир. Концерт заллари, истирохат боғлари ва маданият саройларида ўтказиладиган тадбирларда турли ёшдаги, касбдаги турли ижтимоий мавқега эга бўлган ўқувчилар қатнашадилар. Тадбирларга тўпланган бу ўқувчилар ўртасида яқин маънавий-руҳий алоқалар ёки бирлик тўғрисида сўз юритиш қийин. Ўқув юртларида таълим олаётган ўқувчилар ўртасида эса ўзаро маънавий-руҳий яқинлик мавжудки, бундай ҳолат уларнинг ёшлари, қизиқишлари, мақсадлари бир-бирига яқин экани билан изохланади. Ана шундай яқинлик маданий-маърифий тадбирларнинг педа­гогик самарадорлиги юқори бўлиши учун замин яратади. Бундай имкониятдан фойдаланиш эса фақат маънавият ва маърифат масалалари бўйича директор ўринбосарлар, маънави­ят ва маърифат бўлимлари ходимларининггина эмас, балки шу ўқув муассасасида фаолият олиб бораётган барча педагогларнинг мухим вазифасидир.

Миллатни миллий тарбия шакллантиради. Бу оддий ҳақиқат. Миллий тарбия - халқ педагогикасининг мухим бир йуналиши. Халқ педагогикаси эса халқ ижодининг таянчларидан бири. Зеро халқдаги ижодкорлик хусусиятининг ўзи ҳам халқ педагогикаси замирида вояга етади.

Этномаданият илмининг йирик тадқиқотчиларидан бири проф. У.Х.Қорабоевнинг «Этномаданият» китобида ёзилишича, этнопедагогикада ҳам маданий-маърифий тадбирлардан кенг фойдаланиш мумкин. Масалан, мазкур тадқиқотда муаллиф этнопедагогика воситалари жумласига мақоллар, маталлар, қўшиқлар, эртаклар, афсона ва ривоятларни ҳам киритади. Бундан ташқари, этнопедагогика­да тарбияни ташкил қилиш шаклларига ёшлар байрамлари, умумхалқ байрамлари ҳам киритилганки, улар ҳам моҳият эьтиборига кўра маданий-маърифий тадбирлардир.

Этнопедагогикада кенг фойдаланиладиган тарбия воситаларидан бири халқ ўйинларидир. Ўйинларнинг шахсни камолга етказишдаги роли тўғрисида У.Х.Қорабоев шундай фикр билдиради: «Ўйинлар хаётда зарур бўладиган кўникма ва сифатларни шакллантирибгина қолмай, инсоннинг хар томонлама ривожланишига, унинг маънавий ва жисмоний камолотига ҳам кўмаклашади».

Этнопедагогикада маданий-маърифий тадбирлардан тарбия воситаси ва шакли сифатида кенг фойдаланилиши бу феноменнинг ёшлар тарбиясидаги ролини алохида тадқиқ этишни тақозо қилади.

Халқ ижоди - битмас-туганмас хазина. Унинг бойликларидан қанча кўп бахраманд бўлсак, у камаймайди, балки шунчалик бойиб боради. Уни қанчалик чуқур ва кўп ўргансак, у ўзининг янги қирраларни шунчалик кўп зоҳир этади.

Халқ педагогикасининг муҳим хусусиятларидан бири шундаки, у миллат хусусиятларининг сақланишини, ҳатто яралишини таъминлайди, бошқача айтганда, у миллатни миллат сифатида, халқни халқ сифатида сақлаб турувчи муҳим асосдир.

Халқ педагогикаси бўлмаса, халқ ўзининг хусусиятларини йўқота боради ва охир-оқибат бошқа халқлар таркибига сингиб кетади. Худди шу хусусияти туфайли халқ педагогикаси илм сифатида шўролар даврида тилга олинмади, ўқитилмади, унутишга маҳкум этилди, чунки унинг халқни халқ, миллатни миллат қилиб тарбиялаш хусуси­яти шўроларнинг сохта байналмилалчилик сиёсатига мос келмас эди. Бу сиёсатнинг сохталиги шунда эдики, у гарчи сўзда байналмилалчиликни тарбиянинг муҳим тамойили, деб эълон қилган бўлса ҳам, амалда тарбия бир миллатни мадх этиш, бошқалар тўғрисида гапирмаслик, гапирганда эса, уларнинг ўтмишда қанчалик қолоқ саводсиз, маданиятсиз бўлганини рўкач қилишдан иборат эди. Аслида эса, байналмилалчилик фақат бир миллатни кўкларга кўтариб, бошқаларни унутишга эмас, барча миллатларни ҳурмат қилишга асосланиши керак эди.

Шўроларнинг байналмилалчилик борасидаги сиёсати қанчалик сохта ва самарасиз эканлиги ўтган асрнинг 80-йилларига келиб аён бўлиб қолди. 80-йилларнинг охирларида бир қатор минтақаларда миллатлараро муносабатлар кескинлаша бошлади, қатор худудларда, жумладан, Ўрта Осиёда ҳам, миллатлараро тўқнашувлар юз берди. Бундай тўқнашувлар натижасида бегунох одамларнинг қони тўкилди. Аслида, халқ педагогикасига нисбатан ёвларча муносабатда бўлмай, унинг қадрига етилганда бундай машъум ходисалар юз бермаслиги мумкин эди. Чунки халқ педагогикаси фақат миллий тарбияни амалга оширмай, бошқа миллатларга ҳурматни ҳам тарбиялайди. Тўғрироғи, халқ педагогикасида миллий тарбия бошқа миллатларга ҳурмат билан уйгунликда олиб борилади.

Ижтимоий психология ва педагогикага оид ҳозирги адабиётларда миллий характерни тарих ва ижтимоий муҳит шакллантириши айтилади. Миллий характернинг шаклланишида тарих ва ижтимоий муҳит муҳим роль ўйнашини инкор этиб бўлмайди. Лекин шу билан бирга, уларнинг ўзи миллий характер шаклланиши учун кифоя қилмаслигини ҳам айтиш лозим. Тарих ва муҳит характер­ни шакллантириши тўғри, лекин бу характер миллий ха­рактер бўлиши учун тарих ва муҳитдан ташқари миллий тарбия ҳам бўлиши лозим. Миллий тарбия бўлмаса харак­тер миллийлик касб этолмайди.

Айтилганлардан, халқ педагогикасининг ягона вазифаси — хақиқий маънодаги миллий характерни шакллантириш экан, деб хулоса чиқариш нотўғри бўлар эди. Халқ педагогикаси халқ характерини шакллантириш билан бирга, ахлоқий, бадиий, диний, сиёсий, жисмоний тарбия йўналишларида ҳам намоён бўлади.

Халқ педагогикаси юқорида санаб ўтилган ва бошқа яна бир қатор йўналишларда ўзини намоён қилиш учун муайян воситалардан фойдаланади. Улар жумласига маросимлар, анъаналар, ўйинлар, халқ қўшиқлари, мусиқаси, эртаклар, достонлар, топишмоқлар, аския ва бошқаларни киритиш мумкин. Бу воситалардан замонавий педагогикада ҳам фойдаланилади. Фарқ шундаки, замо­навий педагогикада бу воситалардан бошқа воситалар билан бир қаторда фойдаланилса, халқ педагогикасида улар асосий восита сифатида намоён бўлади.

Ҳозирги замон педагогикасида халқ педагогикасига яқинлашишнинг кучли тамойиллари кўзга ташланмокда. Масалан, замонавий педагогик технологияларда интерак­тив усулларга катта ўрин ажратилмоқда. Айниқса, ролли ўйинлар, хизмат ўйинлари каби шакллар кенг ёйилмоқда. Ҳолбуки, бу шаклларнинг асоси юзлаб эмас, минглаб йиллар олдин ҳам халқ педагогикасида халқ ўйинла­ри шаклида яратилган. Бу мисол ҳам хар қандай янгилик - унутилган эскилик экани ҳақидаги матал тўғрилигини яна бир бор тасдиқлайди.

Этнопедагогика муаммоларини чуқурроқ таҳлил қилиш замонавий педагогика масалаларига янгича қараш имконини беради. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, этнопедагогика усулларининг кўпчилиги интерактивликка асосланган. Ма­салан, маросимлар, ўйинлар, топишмоқлар, масаллар, бошқотирмалар ва бошқалар интерактивликсиз мутлақо мавжуд бўла олмайди. Эртаклар, афсоналар, достонлар, халқ қўшиқлари эса, интеллектуал интерактивликни тақозо этади.

Замонавий педагогика муайян даврларда интерактивликдан узоқлаша бошлаган эди. Хозир эса, яна интерак­тивликка қайтиш тамойили кузатилмоқда.

Миллий маънавият ва унинг таркибий қисми бўлган миллий қадриятларга барча замонларда ҳам таҳдидлар бўлган. Лекин, бу тахдидлар XX аср ўрталарига келиб жуда кучайиб кетди, чунки худди шу даврда жахонда юз бераётган глобаллашув жараёнлари тезлашди. Аср сўнгида бу жараёнлар яна ҳам шиддатли тус олди. XXI асрда эса глобаллашув жараёнларининг ҳам тезкор тус олаётганига мутахассислардан хеч бири шубха билдирмайди.

Глобаллашув борган сари тезлашар экан, унинг хусусиятлари ўрганилса, вужудга келтираётган ва келтириши мумкин бўлган оқибатлари ҳисобга олинмаса, у иқтисодиётга ҳам, ижтимоий соха ва айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига салбий таъсир ўтказиши мумкин.

Глобаллашувнинг моҳиятини англаш учун унга берилган таърифларга мурожаат қилиш зарур. Бу берилган таърифлар жуда хилма-хил. Уларнинг деярли барчаси учун умумий бўлган жиҳат шундаки, дунёдаги турли мамлакатлар, давлатлар, минтақалар, орасидаги иқтисодий ва маънавий ўзаро таъсир кучайиб бормокда. Мана шу ҳолатни кўпчилик эътироф этиши билан бир пайтда, у келтириб чиқарадиган оқибатлар тўғрисида турлича талқинлар мавжуд. Дунёда иқтисодий глобаллашув жараёнидан ҳам, маьнавий глобаллашув жараёнидан ҳам четда турган бирорта мамлакат йўқ. Ҳаттоки, Африка ва Жанубий Америка чангалзорларида яшаётган қабилалар ҳам бу жараёндан четда қолмаяпти. Айни пайтда, глобаллашув жараёни турли мамлакатларга турлича таъсир ўтказмоқда. Баъзи мамлакатларга у иқтисодий соҳада ҳам, маъна­вий соҳада ҳам катта фойда келтирса, бошқаларига унчалик фойда келтирмаяпти, учинчиларига эса кўпроқ зарар келтирмоқда. «Бу жараён қайси мамлакатларга фойда келтиради-ю, қайсиларига зарар келтиради?» - деган савол туғилиши табиий.

Глобаллашув жараёни келтирадиган қулайлик ва имкониятлардан кўпроқ фойдаланиш учун уни чуқур ўрганиш, фойдали ва зарарли жиҳатларини атрофлича таҳлил қилиш зарур. Фақат шундагина у келтириши мум­кин бўлган фойдадан кўпроқ манфаатдор бўлиб, унинг зарарли томонларини четлаб ўтиш имконияти туғилади. Глобаллашувни тўла ва чуқур ўрганмай туриб, унинг имкониятларидан фойдаланиш ҳам, зарарли оқибатларидан сақланиш ҳам мумкин эмас. Одатда глобаллашув хусусиятларини етарли ўрганмаган мамлакатлар ундан камроқ фойда оладилар ва кўпроқ зарар кўрадилар.

Глобаллашувнинг миллий маънавиятимиз, анъана ва маросимларимиз, ёшларимиз тарбиясига ўтказаётган таьсирини ўрганишга эса ҳали ёшларимиз киришилганича йўқ. Бу соҳадаги хулосалар «сepuaллар ёшларимиз тарбиясига салбий таъ­сир ўтказмоқда», «уятсиз эпизодларни телевидениеда кўрсатмаслик керак», - деган умумий гаплардан нарига ўтмаяпти. Ғарб мамлакатлари телевидениесигина эмас, атрофимиздаги баъзи мамлакатлар телевидениесида ҳам кўрсатилаётган ёки Ғарбдан трансляция қилинаётган дастурлapгa солиштирсак, телевидениемиздаги ўша бехаё деб аталаётган кўрсатувлар жуда беозор ва рисоладагидай кўринади. Бу ҳолат ўша бехаё дейилаётган кўрсатувларнинг янги тўлқинини кутишимиз кераклигини англатади.

Бир вақтлар бизнинг мамлакатимиз ва хусусан, Ўрта Осиё халқлари бошқа қитъа ва худудлардаги халқлар иқтисодига, маданиятига, урф-одатлари ва анъаналарига кучли таъсир ўтказган. Масалан, XI-XII асрларда Ўрта Осиёдан Европага борган савдогарларнинг сони одамни хайратга солади. 1150 йилда Венгрияга борган араб сайёхи Абу Ҳамид ал-Гарнатий у ердаги бозорлар тўғрисида шундай ёзади: «Ункурия деб аталувчи бу мамлакат 26 шаҳардан иборат. Бу шаҳарларнинг ҳар бирида кўплаб қалъа, қишлоқ, тоғ ва ўрмон-боғлар бор. Уларда минглаб мағрибликлар яшайди. Сон-caноғи йўқ. У ерларда минг­лаб хоразмликлар савдо билан шуғулланадилар ва подшога хизмат қиладилар». Иқтибосдан кўринишича, XI аср ўрталарида Венгрия шахарларида сон-саноқсиз хоразм­ликлар савдо ва харбий ишлар билан шуғулланганлар. Китобдаги изохларда, ал-Гарнатий «Мағрибликлар» деб Турк хоқонлигининг ғарбида, яъни Ўрта Осиё худудида яшаган аҳолини назарда тутгани хисобга олинса, Венг­рия шахарларида Ўрта осиёликлар қанчалик кўп бўлганини яна ҳам тўлароқ тасаввур қилиш мумкин.

XII аср ўрталарида Венгрияда хоразмликлар қанча­лик кўп бўлгани Хоразм иқтисодий жихатдан қанчалик ривожланганини кўрсатади. Чунки, ўрта асрларда ҳунармандчилик, умуман иқтисод ривожланган минтақалардангина бошқа ўлкаларга махсулот олиб бориб сотиш мум­кин эди. Венгрияда сон-саноқсиз хоразмликларнинг сав­до ва харбий ишлар билан шуғулланиши Хоразмнинг бу ўлкага фақат иқтисодий эмас, маданий таъсир ҳам ўтказганидан далолат беради. Чунки, ўша сон-саноқсиз хоразм­ликлар билан бирга Хоразмнинг анъаналари, урф-одат ва маросимлари ҳам у ерларга борган эди. Венгрияда минглаб хоразмликларнинг бўлиши, Европанинг бошқа мамлакатларида ҳам кўплаб хоразмликлар ва умуман ўрта осиёликлар савдо-сотиқ ишлари ва бошқа фаолият турлари билан шуғулланишган, деб хулоса чиқариш учун имкон беради. Чунки, хоразмликлар фақат Венгрияга боришган, Европадаги бошқа мамлакатларга боришмаган, дейиш учун хеч асос йўқ.

Энди, спорт сохасидаги атамаларни глобаллашув жараёнига ҳам татбиқ қилиб кўрайлик. Вайронкор ғоялардан ҳимояланишнинг энг самарали йўли уларга қарши ҳужумга ўтишдир. Яъни, биз ёт ғоялардан ҳимояланиш билангина шуғулланмай, ўз ғояларимиз, анъаналаримиз, турмуш тарзимизни дунёга ёйиш учун ҳаракат ҳам қилишимиз зарур. Хозирча биз маънавият сохасида кўпроқ химоя билан бандмиз.

Шўролар даврида миллий қадриятларимизни дунёга ёйиш у ёқда турсин, ўз юртимизда қадрлаш учун ҳам йўл берилмади, кўпчилик қадриятларимиз эса топталди. Мустақилликка эришганимиздан кейин ўша хўрланган қадриятларимизни тиклаш, тарғиб қилиш имконига ҳам эга бўлдик. Ўзбек миллий курашини дунёга ёйиш бўйича қилинган ишлар, дунёнинг кўпчилик мамлакатларида ўзбек кураши федерацияларининг тузилиши бунинг яққол мисоли. Шуни эътироф этиш лозимки, ўзбек курашини дунёга ёйиш бўйича ишларнинг ташаббускори ва ташкилотчиси Президент И. Каримов бўлди. Демак, биз гло­баллашув жараёнида пассив қабул қилувчигина эмас, фаол тарғиб қилувчиларга ҳам айланишимиз мумкин экан.

Халқимиз тарихининг сўнгги беш юз йилида ундан аввалги беш юз йилликдаги сингари юзлаб алломалар, шоирлар, лашкарбошилар етишиб чиқмаганининг қатор сабаблари бор. Улар орасида халқ руҳияти билан, халқни вазият ва иқтисодиёт билан боғлиқлари ҳам мавжуд. XV аср охирида қилинган кўплаб географик кашфиётлар натижасида Буюк Ипак йўли ўз аҳамиятини йўқота бошлагани, худудимиз савдо йўлларидан четда қолгани ана шундай иктисодий ва маънавий тушкунликка олиб келди. Бундан чиқаришимиз лозим бўлган энг мухим хулоса эса, глобаллашув жараёнидан четда қолганимиз бизнинг миллий маънавиятимизга, руҳиятимизга ижобий эмас, салбий таъсир ўтказганида. Демак, биз глобаллашув жараёнида оқилона йўл тутсак, ҳам иқтисодий, ҳам маъ­навий равнаққа эришишимиз мумкин экан. Оқилона йўл эса керак бўлганда глобаллашув йўналишига мослашишда, тегишли пайтда уни ўзимизга мослаштира олишда. Бунинг учун эса уни муттасил кузатиб ва таҳлил қилиб бориш лозим. Лекин, кузатув хар қанча чуқур ва батафсил олиб борилса ҳам, унинг қиймати амалиётга, жумладан, ёшлар тарбияси амалиётига қанчалик наф келтираётгани билан ўлчанади. Ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда хозирги замондаги глобаллашувнинг хусусиятларини хисобга олмаслик ташқаридаги об-хавони хисобга олмай кийиниб кўчага чиқиш билан баравардир.

Жаҳонда юз бераётган глобаллашув жараёни мил­лий ғояга зарурат туғдирган энг муҳим омиллардан биридир. Айни пайтда миллий ғоя ёшларни маънавий-ахлоқий тарбиялашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилади.


Миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилишда оммавий маданий тадбирларнинг ўрни ва роли.

Миллий мустақиллик қўлга киритилган дастлабки ойлардан бошлабоқ Президент Ислом Каримов миллий истиқлол ғояси ва мафкурасини шакллантириш масаласини жиддий вазифа қилиб қўйди. Бунинг сабаби «Мил­лий мустақил давлат бор экан, унинг мустақиллиги ва эркинлигига, анъана ва урф-одатларига тахдид соладиган, уни ўз таъсирига олиш, унинг устидан хукмронлик қилиш, унинг бойликларидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишга қаратилган интилишлар ва харакатлар доимий хавф сифатида сақланиб қолиши мукаррарлигидир». Келтирилган шу иқтибосдан кўриниб турибдики, миллий ғоя, аввало, мамлакатимизнинг мустақиллигини мустахкамлаш учун зарур.

Миллий истиқлол ғояси бажарадиган яна бир мухим функция тарбиявий функциядир. Миллий ғоянинг бу функцияси глобаллашув жараёнлари тезлашиб бораётган хозир­ги мураккаб даврда яна ҳам долзарброқ аҳамият касб этади. Глобаллашув фақат иқтисод ва сиёсат соҳасида эмас, балки маънавият ва мафкура сохасида ҳам жадаллашиб бормоқда. Айтиш мумкинки, маънавият ва мафкура сохасидаги глобаллашув бошқа сохаларга нисбатан жадалрок юз бермоқда. Бунинг сабаби - ўз манфаатларини кўзлаётган баъзи давлатлар мамлакатимизга мафкуравий жихатдан зарарли ва вайронкор таъсир ўтказишга уринаётганида.

Ҳар қандай халқнинг маънавияти бошқа халқлар манавиятидан ажралган холда ривожланмайди. Миллий маънавиятлар бир-бирини бойитади ва тўлдиради. Мамлакатимиз Шарқ ва Ғарбни туташтирган карвон йўлларида жойлашгани сабабли, халқимиз маънавияти ҳам Шарқ ва Fapб маънавиятидан асрлар давомида бахраманд бўлиб келган. Айни пайтда халқимиз Fap6 ва Шарқ халқлари маъанавиятидаги ижобий томонларни ўзлаштириш билангина чекланиб қолмай, уларга ижобий таъсир ҳам кўрсатган.

Маънавият ва мафкура сохасидаги ўзаро таъсир, афсуски, фақат ижобий томонлар билан чекланмайди. Бу жараёнда салбий ва вайронкор ғоялар ҳам ўз таъсирини ўтказмоқчи бўлади. Шунинг учун ҳам миллий маънавиятимизни тахдидлардан химоя қилиш борасида миллий истиқлол ғоясидан кучлироқ ва самаралироқ ғоя йўқ. Бу хақда «Миллий истиқлол ғояси» дарслигида қуйидаги фикр билдирилган: «Маънавиятни бир уйга тўпланган бойликка қиёсласак, ташқаридан кираётган шамол уй ичидаги нарсаларни остин-устун қилиб ташлашини хеч бир хонадон сохиби истамайди. Худди шу каби, биз ҳам ёт ғоялар, оқимлар ва мафкуралар маънавиятимизга вайронкор таъсир ўтказишига қарши химоя чоралари кўришимиз табиий». Шу ўринда мил­лий ғоя ёшларни тарбиялаш, миллий ва маънавий ўзликни ҳимоялаш жараёнидаги мухим функцияси намоён бўлади. Миллий ғоянинг ана шу функциясини тўлақонли бажаришида маданий-маърифий тадбирлар мухим ўрин тутади.

Ўқувчи ва талабалар онгига миллий ғояни сингдириш бугунги кун таълим тизимида олиб борилаётган тарбиявий ишларнинг марказида турибди. Бу мақсадга эришиш йулида таълим-тарбиянинг турли усул ва воситаларидан фойдаланилмоқда. Кузатувларимиз баъзи ўқув юртларида миллий истиқлол ғояси бўйича маърузалар, семинарлар, коллоквиумларга кўпроқ эътибор берилиб, дарслардан сўнг ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирларга етарли аҳамият берилмаётганини кўрсатди. Холбуки, бундай тадбирлар ёшларни тарбиялашда ва улар онгига миллий истиқлол ғоясини сингдиришда улкан аҳамиятга эга.

Мамлакатимиз таълим тизимида интерфаол усуллардан фойдаланишга катта аҳамият берилаётган хозирги кунда оммавий маданий-маърифий тадбирларни қўллаш мухим аҳамият касб этади. Илғор ўқитувчиларнинг тажрибаси шуни кўрсатадики, маданий-маърифий тадбирлардан таълим жараёнида фойдаланиш ўқувчилар фаоллигини кескин оширади. Бундан ташқари, машғулот ўтказишнинг ролли ўйин, хизмат ўйинлари сингари шакллари, асл мохиятига кўра, маданий тадбирдир. Чунки улар таълим шакллари билан санъат элементларининг қўшилиб кетиши натижасидa вужудга келган. Дарс жараёнида бадиий асарлардан парчалар келтириш, шеърларни ифодали ўқиш, сахна асарларидан парчалар кўрсатиш ўқувчиларнинг ҳам ақлий, ҳам хиссий-эмоционал фаоллигини кескин оширишга хизмат қилади.

Машғулотлар давомида оммавий маданий-маърифий тадбирлар алементларидан фойдаланиш муайян услубият асосида амалга оширилади. Бу ҳолат мазкур тадбирларни ўтказишнинг умумий хусусиятлари билан боғлиқ. Шуни хисобга олиб, миллий истиқлол ғоясини тарғиб қилишда оммавий мада­ний-маърифий тадбирлардан фойдаланиш услубияти тўғрисида баъзи мулохазаларни баён қилмоқчимиз.

Оммавий маданий-маърифий тадбирлар кечалар, томоша ва театрлаштирилган концертлар, кўрик-танловлар, кўргазма, бадиий композиция, қувноқлар ва зукколар танловлари каби шаклларда ўтказилади. Уларнинг хар бири ўзига хос хусусиятга эга бўлиб, шунга монанд равишда, уларни ўтказиш услубияти ҳам бир-биридан фарқ қилади. Оммавий мада­ний-маърифий тадбирлар орасида энг кўп қўлланаётган шакллардан бири мавзули кечалардир.

«Мавзули кеча» атамаси дастлаб муайян бир мавзуга бағишланган ва оқшом пайтлари ўтказиладиган тадбирларни англатган. Бундай тадбирлар жумласига учрашув кечалари, хотира кечалари, шеърият кечалари, ватанпарварлик мавзусидаги кечалар, қўшиқ кечалари рақс кечалари ва бошқаларни киритиш мумкин. Бундай тадбирлар авваллари одамлар ишдан бўшагандан кейин, оқшомда, кечкурунлари ўтказилгани сабабли «кечалар» номи билан аталган. Бироқ, вақт ўтиши билан бундай тадбирлар кундузлари ҳам ўтказилган. Лекин, уларнинг дастлабки номи - «кечалар» сақланиб қолаверган. Шунинг учун хозирги даврда кундузи ёки баъзан эрталаб ўтказиладиган ана шундай тадбирларнинг ҳам «кечалар» деб аталишидан ажабланмаслик лозим.

Мавзули кечаларнинг концертлар, спектакллар ва бошқа санъат жанрларидан асосий фарки шундаки, бу тадбирлар жараёнида театрлаштирилган оммавий харакатлар юзага келади. Бу тадбир давомида ижрочи ва томошабинлар бир бутунликни ташкил этади. Шунинг учун мавзули кечалар, ўз мохиятига кўра, оммавий байрамларга жуда яқин туради.

Мавзули кечалар халқ учун ва жамоа учун қадрли хисобланадиган ва мухим аҳамият касб этадиган бирор воқеа ёки санага бағишлаб ўтказилади. Масалан, «Миллий ғоя - бизнинг ғоя», «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!», «Диний бағрикенглик» мавзуларидаги кечалар мавзуларнинг мухимлигини таъкидлаш билан бирга, шу масалаларга жамоа ёки гуруҳнинг муносабати ҳам ифодаланади.

Мавзули кечаларни тайёрлаш босқичи жуда мухим аҳамиятга эга. Чунки ана шу босқичда кечани тайёрлаш буйича белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишга бўлғуси томошабинлар кенг миқёсда жалб этилади. Бу ҳолат мавзули кеча иштирокчиларнинг пассив кузатувчи эмас, балки тадбирнинг фаол қатнашчиларига айланишини таъминлайди.

Мавзули кечалар, қаерда ўтказилишига қараб, қуйидаги турларга бўлинади:

  • клубларда, маданият саройлари ва уйларида, истирохат боғлари (парклар)да ўтказиладиган мавзули кечалар;

  • мехнат жамоаларида, корхоналарда ўтказиладиган мавзули кечалар;

  • санаторийларда, дам олиш уйларида, пансионат ва курортларда ўтказиладиган мавзули кечалар;

махалла, қишлоқ ва овулларда ўтказиладиган мавзули кечалар;

- мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари, институт, университет ва бошқа таълим масканлаpидa ўтказиладиган мавзули кечалар.

Мавзули кечаларни ўтказиладиган жойларга караб турларга бўлиш сабаби шундаки, юқорида санаб ўтилган жойларда ўтказиладиган мавзули кечалар иштирокчилар­нинг таркиби, ёши, касби, жинси, ижтимоий мавқеи каби хусусиятларга кўра фарқланади. Бу фарқлар фақатгина ташқи тафовут бўлмасдан, улар мавзули кечаларнинг ўтиш жараёнига, сахнадаги ижрочилар билан томошабинлар ўртасидаги хиссий-эмоционал алоқанинг хусусиятларига жиддий таъсир ўтказади. Масалан, касб-ҳунар коллежида ватанпарварлик мавзусида ўтказиладиган мавзули кеча истрохат боғида ўтказиладиган мавзули кечадан жиддий фарқ қилади. Касб-ҳунар коллежидаги мавзули кеча иштирокчиларининг аксарияти шу коллеж ўқувчиларидан иборат бўлca, истирохат боғидаги мавзули кечанинг томошабинлари турли ёш, жинс, касбга мансуб одамлардан иборат булади. Коллеждаги мавзули кеча томошабинларининг сахнадаги ижрочилар, яъни ўзларининг курсдошлари, гуруҳдошлаpи билан хиссий-эмоционал алоқа ўрнатиши осон кечади. Улар сахнадаги дўстларининг муваффақиятини ўз муваффақияти сингари қабул қилади. Ижрочиларнинг нуқсонларини эса ўз нуқсони сингари хис этади. Бундай ҳолат ижрочилар билан томошабинлар ўртасидаги хиссий-эмоционал уйғунликни таъминлайди. Ана шу уйғунлик мавзу­ли кечанинг тарбиявий аҳамияти юқори даражада бўлишини кафолатлайдиган энг муҳим жиҳатлардан биридир.

Истироҳат боғидаги мавзули кечаларда ижрочилар би­лан томошабинлар ўртасидаги хиссий уйғунликни таъминлаш анча мураккаброқ кечади. Бунинг учун ижрочилардан анча махорат, вақт ва куч талаб қилинади. Истирохат боғларидаги мавзули кечаларда ижрочилар томонидан йўл қўйилган хатолар томошабинларнинг кулгисига сабаб бўлиши мумкин. Касб-ҳунар коллежида эса мавзули кечанинг ижрочиси хатога йўл қўйса, кузатишларимизнинг кўрсатишича, залдагилар бу камчиликдан кулмайди, балки худди ўзлари камчиликка йўл қўйгани сингари изтироб чекади.

Профессор У.Қорабоев «Маданий тадбирлар» ўқув кўлланмасида мавзули кечаларнинг жанрлари борасида қуйидагича фикрни баён қилади: «Клубда ўтказиладиган мавзули кечалар ўз шакл ва мазмуни жихатидан кўп жанрли хисобланади. Унинг асосий жанрлари эса қуйидагилардан иборат: хроника кечалари; хикоя кечалари; портрет кечалари; анъанавий кечалар ва хоказо». У.Қорабоев фикрларига яна шуни қўшимча қилишимиз мумкинки, мавзули кечанинг битта жанри буйича ўтказилаётган тадбирнинг таркибига яна бошқа бир неча жанрлар ҳам киритилган бўлиши мумкин. Масалан, портрет кечалари жанри бўйича ўтказилаётган мавзули кечанинг таркиби бадиий ўқиш (монолог, шеърни ифодали ўқиш), сахна асарларидан парчалар, қўшиқлар, рақслар ва хоказолардан иборат бўлиши мумкин.

Ижрочи ва томошабин ўртасида вужудга келадиган ўзига хос ва жуда яқин хиссий-эмоционал муносабатлар ўқув юртларида ўтказиладиган мавзули кечаларнинг тарбиявий аҳамияти юқори бўлиши учун имконият яратади. Мана шу имкониятдан миллий истиқлол ғоясини ўқувчи ва талаба ёшлар онгига сингдириш йулида фойдаланиш таълим тизимидаги тарбиявий вазифаларнинг энг мухимларидан бирини муваффақиятли бажариш учун асос яра­тади. Шу имкониятдан амалда қандай фойдаланилаётганини ўрганиш мақсадида бир неча мактаблар ва касб-ҳунар коллежларида ўтказиладиган мавзули кечаларни кузатдик. Кузатган кечаларимизнинг аксарияти юқори ғоявий-бадиий савияда ўтди. Айниқса, «Хеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!» мавзусидаги кеча ёшларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Бу кечада террорчиларнинг ёвуз башарасини фош этадиган сахналардан парча­лар ижро этилди, ватанпарварлик мавзусидаги шеърлар ўқилди, шеърхонлик рақс ва қўшиқларга уланиб кетди. Биз тадбирга келишдан аввал талабаларнинг тадбирдан олган таассуротларини ўрганиш мақсадида сўров ва интервью ўтказишни режалаштириб қўйган эдик. Залда вужудга келган кўтаринкилик бундай сўровга ўрин қолдирмади. Шундай бўлса ҳам, бир неча қатнашчига «Тадбир қандай ўтди?» - деб берган саволимизга улар «Жуда яхши ўтди», «Жуда зўр», «Бетакрор», «Ўзингиз кўрдингиз-ку» шаклларида жавоб беришди.

ХУЛОСА

Ана шу кузатишларимиз мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларида тахсил олаётган ёшларимизни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялашда оммавий маданий-маърифий тадбирлар жуда мухим ўрин тутади, деб хулоса қилиш учун имкон яратади. Бундай тад­бирлар олдиндан тузилган режа ва сценарий асосида, ўқувчи ва талабаларни жалб этган холда тайёрланса ва ўтказилса, уларнинг тарбиявий аҳамияти яна ҳам юксак бўлади.

Бошланғич таълимда ўтказиладиган маданий-маърифий тад­бирлар - тарбиянинг кучли воситаси. Лекин бундай тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун ўқув юртларининг имконияти хар доим ҳам етарли бўлавермайди. Шунинг учун маданий тадбирларни ўтказишда ўқув юртла­ри ва маданий-маърифий муассасаларнинг имкониятларини бирлаштириш юқори самара беради. Ёшларни миллий истиқлол ғояси руҳида тарбиялаш бўйича етарли тажриба тўплаган ўқув юртлари фаолиятини ўрганиш улар шундай ютуқларга маданий-маърифий муассасалар билан ҳамкорлиги туфайли эришаётганини кўрсатди.








Фойдаланилган адабиётлар

1. Каримов И.А. Юксак маънавият – енгилмас куч. Тошкент, «Маънавият», 2008.- 176 б.

2. Каримов И.А. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори.

//Тўплам. – Тошкент, 1997 йил.

3. «Таълим тўғрисида»ги Қонун. Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Тошкент, 1997 йил.

4. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури. //Баркамол авлод – Ўзбекистон тараққиётининг пойдевори. Тошкент, 1997 йил.

5. Умумтаълим мактаб устави. Халқ таълими журнали. 1999 йил, 1- сон.

6.Баркамол авлод орзуси. Тўплам. Тузувчилар: Ш.Қурбонов, Ҳ. Саидов, Р. Аҳлиддинов. – Тошкент, 1999 йил.

7. Бегматов А., Рустамова Р. Миллий ғоя тарғиботи ва маданий-маърифий тадбирлар. –Т.: «Маънавият», 2007.- 64 б.

8. Зарипов К.З. Ўқувчилар малакасини оширишда мактаб раҳбарларининг роли. – Тошкент. Ўқитувчи, 1993 йил

9. Мирқосимов М. Мактабни бошқаришнинг назарий ва педагогик асослари. Тошкент: Ўқитувчи, 1993 йил.

10. Олимов Ш.Ш. Синфдан ташқари таълим-тарбиявий ишлар ўқувчилар ахлоқий-эстетик идеалини шакллантиришдаги ўрни. Халқ таълими журнали. 2000 йил 5-сон.

11.Педагогика. А.Қ.Мунавваров таҳрири остида.-Тошкент.: Ўқитувчи, 1996.

12. Қуронов М. ва бошқалар. Тадбир самарадорлигининг ўн шарти.- Т.: «Истиқлол», 2006.- 24 бет.





28



Получите в подарок сайт учителя

Предмет: Классному руководителю

Категория: Прочее

Целевая аудитория: Прочее

Скачать
Оммавий маданий тадбирлар ва уларнинг таълим-тарбия жараёнидаги аҳамияти

Автор: Қўлдошев Рустамбек Авезмуродович

Дата: 04.01.2017

Номер свидетельства: 375372


Получите в подарок сайт учителя

Видеоуроки для учителей

Курсы для учителей

ПОЛУЧИТЕ СВИДЕТЕЛЬСТВО МГНОВЕННО

Добавить свою работу

* Свидетельство о публикации выдается БЕСПЛАТНО, СРАЗУ же после добавления Вами Вашей работы на сайт

Удобный поиск материалов для учителей

Ваш личный кабинет
Проверка свидетельства