Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар, меҳрибон устозлар ва билимга чанқоқ ўқувчилар! Шу ажойиб кун – “Тиллар байрами” куни билан чин дилдан барчангизни қутлаймиз!
1 - бошқарувчи:................. бугунги байрамга 5 -“В”синф ўқувчиси Абдувахабова Зайтуна чиройли рақс тайёрлаб келган экан. Эндиги навбатда рақс томоша қилсак, нима дейсан?
1 - бошқарувчи: Майли, бўлмаса Абдувахабова Зайтунани таклиф этамиз.
(Зайтуна ижросида ўзбекча рақс)
Удда қилсанг. ўнта тилни ёдлагил булбулдайин,
Аввало ўз тилгинангнинг хизматин қил қулдайин,
Сўйласанг ўзбекчада бўйлар таратсин гулдайин,
Нозик ўлсин қилдайин изҳор этарда дилдагин,
Ўзлигингни аввал уқ, ўзбеккинамнинг боласи.
Дўппилар армон бу кун, эҳ, беқасам тўнлар қани,
Гулдираб, от ўйнатиб, алпдай келар кунлар қани,
От уза ўзинг баланд, сўзинг баланд эрди сани,
Кичраярсан кун сайин - шу хаёл қийнар мани,
Ўзбегимнинг боласи, топгин улуғлик чорасин!
Миртемир
ОНА ТИЛИМ
Ёбонларнинг чексизлиги,
Ҳам самуми, ҳам ҳовури,
Онажонлар алласидан,
Қўз ёшидан, оқ сутидан;
Тўқайларнинг тенгсизлиги,
Жилғаларнинг шўх ғовури,
Йигитларнинг ялласидан,
Сулувларнинг сукутидан —
Йўғрилган тил —
Она тилим.
Дарёларнинг тошқин пайти
Арслон янглиғ ариллаши,
Довонларнинг кўк қиёси,
Қорли тоғлар жилосидан,
Чўпонларнинг қамиш байти,
Чилдирманинг дариллаши,
Гўрўғлининг алп сиймоси,
Алпомишнинг даъвосидан —
Туғилган тил —
Она тилим.
Тулпорларнинг асовлиги,
Тош чақиши, оловлиги,
Боболарнинг олтин сўзи,
Бўёқчининг ўланидан:
Тўқувчининг алғовлиги,
Чилангарнинг далғовлиги,
Бу тупроқнинг қўш ҳўкизи,
Қўшчиси ҳам қўланидан —
Яралган тил —
Она тилим.
Шу тупроқнинг жон аямас
Тарлонлари, бургутлари,
Келинларнинг дилдошлиги,
Ёр - ёрларнинг жарангидан;
Босқинларнинг бедодлиги,
Бувиларнинг ўгитлари,
Дўмбиранинг мунгдошлиги,
Дуторнинг ҳам тарангидан —
Таралган тил —
Она тилим.
Эркин Воҳидов
ОНА ТИЛИМ ЎЛМАЙДИ
Нотиқ деди:«Тақдир шул,
Бу жаҳоний ирода.
Тиллар йўқолур буткул,
Бир тил қолур дунёда».
«Эй воиз, пастга тушгин,
Бу гап чиқди қаердан!»
Навоий билан Пушкин
Туриб келди қабрдан.
Ким дарғазаб,
Ким ҳайрон,
Чиқиб келдилар қатор:
Данте, Шиллер ва Байрон,
Фирдавсий, Бальзак, Тагор.
«Ваъзингни қўй, биродар,
Сен айтганинг бўлмайди».
Барча деди баробар:
«Она тилим ўлмайди».
— Ҳей, бу қандай ақида! —
Қўлида табаррук жом,
Гўзал форсий ҳақида
Рубоий айтди Хайём.
Эҳтиросли, оташдил
Беранже сўрди нолон:
— Наҳотки, фаранги тил
Йўқолгуси бир замон!
Неруда, Лорка турди
Сервантеснинг ёнига:
— Ким қасд этиб тиғ урди
Она тилим жонига!
Фузулий ёнди:— Озар
Тили гулдек сўлмайди.
Барча деди баробар:
«Она тилимўлмайди».
Камалакдек ранго - ранг
Бўлсин деб санъат, тиллар,
Асрларча қилдик жанг,
Армон қилдик минг йиллар.
Беқадр бўлса, наҳот,
Тиллардаги тароват!
Йўқолди бу кун, ҳайҳот,
Қабрларда ҳаловат!
«Фауст» ёнди гуриллаб,
«Хамса» ўтга туташди.
Бир садо жаҳон бўйлаб
Таралди, тоғлар ошди.
Бу садо янграр ҳамон,
Сира адо бўлмайди.
Олам айтар: Ҳеч қачон
Она тилим ўлмайди!
Рауф Парфи
ОНА ТИЛИМ
1. Абут - Турк тарихдан балки бир ҳикмат
Бироқ сен борсан - ку Турон элинда.
Шоир, Сўз айтмакка сен шошма фақат,
Улуғ Алишернинг қутлуғ тилинда.
Ул олис қуёшдир куйиниб ёнар,
Олис хотиротлар ўчмас фалакда.
Ҳақдан, Ҳакиқатдан кўринг, ким тонар?
Дунёвий аламнинг тийғи юракда.
Ватан деб аталган бешик, онажон,
Мен учун ёпилган эшик, онажон,
Мен сокин солланиб илғаб борарман.
Ватан деб аталган тобут қўйнида,
Чувалган булутни қордек қорарман,
Руҳимнинг панжаси чақмоқ бўйнида.
2. Ҳеч зот уза билмас узилган жонни,
Ҳақиқатни уза билмас ҳеч қачон.
Элим, она тилим, руҳимнинг қони,
Бир имдод сўрайман сендан, онажон.
Чаёнзор йўлидир борар йўлларим,
Таним ёнмактадир ишқсиз очунда,
Кўкларга тўқинар сўнгак қўлларим,
Оёқларим менинг тупроқ ичинда.
Барчанинг бошида бирдек беомон,
Манхус замонларнинг ўлик шамоли, —
Бузғун йигирманчи аср аъмоли…
Менинг она тилим, мунис, меҳрипбон,
Сен Туркий Дунёнинг ғолиб хаёли —
Сени ёзажакман, тирилган жаҳон.
3. Улуғ Туркистоним, олтин далалар,
Офтоб сочқи сочар бош узра балқиб,
У сенинг тилингда айтар аллалар,
Қоним, она тилим, оҳ, она халқим.
Навоий байтига ўхшайди йўллар,
Бу тошлар Ҳамзанинг қотили, ҳайҳот!
Наҳотки умрбод ўртаса ўйлар,
Умрбод занжирбанд этса хотирот?!
Занжирбандман, она тилим Она Сўзингга,
Кундайин сўларман, ойдек тўларман,
Мил каби тортарман Сенн кўзимга.
Мен ғариб бандангман. Бир Сўз тиларман,
Бошимни қўярман Сенинг изингга,
Қудсия анфосин айтиб ўларман.
Ҳалима Худойбердиева
«ЭСКИ ЎЗБЕК ТИЛИ»ГА ЁЗУВ
Менинг тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим,
Баҳайбат тўғон тушиб,
Йўли тўсилган тилим.
Қушнинг унут патидай
Тўкилган унут жоним,
Китобларнинг қатида
Ранги - рўйи сомоним.
«Эски ўзбек тили»мас,
Дедилар эскирган тил,
Қўрқиб чиқармоққа сас,
Сандиқларга кирган тил.
Сенда бодом иси бор,
Сенда бобом иси бор,
Болам на рус, на ўзбек,
Аросат белгиси бор.
Беш юз йиллар аввалги
Хатни мен англайман, бас,
Мен бугун айтганимни
Болам баъзан тушунмас.
Кўкрагимда дод қотган,
Яқинлашар катта хавф,
Ўз тилини йўқотган
Халқ бўлмасми ердан даф.
Олдга, сафарбарликка
Қандай ярайди болам,
Ортидаги жарликка
Қандай карайди болам.
Уни ким қилиб қўйдим,
Ким бўлди оғам - иним,
Томир - томирим куйди,
Синди бўғин - бўғиним.
Гули унут халқ бўлдик,
Иўли унут халқ бўлдик,
Оммавий гунглик содир,
Тили унут халқ бўлдик.
Умримнинг шом, кечига
Шу ўй санчилиб туриб,
«Луғатит - турк» ичига
Ёшим томчилаб туриб,
Дедим: — Тиғ тилган тилим,
Менинг кесилган тилим.
Шукур Қурбон
ОНА ТИЛИМ
Қасида
Юрагимнинг қошида
Сайраб турган булбулим,
Сенсиз очилмас гулим
Руҳият бўстонимда,
Она тилим, жон тилим.
Қадим аждод қонида
Сени таниди дунё,
Инсоният тонгида
Бердинг қалбдан акс - садо.
Суврат бўлиб чекилдинг
Ғорлар ичра бирма - бир:
«Она қўшув бола», севмоқ бу,
«Юрак қўшув ёй ўқи»— сабр.
Ашшурий, бобил, оккад
Тараққиёти бир ён,
Бир ён бўлди қуёшли –
Ўлка қучган шараф - шон.
Маънавият уфқида
Номинг мангу айланди.
Шумерлар миххатига
Оҳангларинг жойланди.
Тош, деганни ким - кимлар
Тепиб ўтмаган бефарқ,
Лекин сен боис уни
Бошга кўтарди башар.
Мисли онг денгизида
Заррин мавж бўлиб қалқдинг.
Буюк «Ўрхун - Энасой
Ёзувлари»да балқдинг.
Шакл — мисли либосдир,
Ўзгарар ўтиб замон.
Айниқса, босқинчи ёв
Бўлса бошда ҳукмрон.
Айниқса, у бор ерда
Сўзлашсанг ўз тилингда,
Билмай хуноб бўлса у
Не борлигин дилингда.
Зўрлаб - да ўз ёзуғин
Пешонангга ўяр у,
Ёт тилда чулдиратиб
Томошангни кўрар у.
Бироқ мазмун - моҳият
Ҳоким эрур шаклга.
Араб имлоси бўйин
Эгди туркий ақлга.
Навоийдай фарзандинг
Дунёга келди шу кез.
Сени деб сарғарди у,
Қон тупурди эрта - кеч.
Парвоз этиб назм аро,
Осмонларга урдинг бош,
Лекин тупроқни қўмсаб,
Пинҳона тўкардинг ёш.
Таъзимда бўй - бастингга
Етмиш олам бош эгди.
Гўзал «Бобурнома»да
Оёғинг ерга тегди.
Ер дардлари шу ондан
Сеники бўлди буткул,
Фалакдан бахт сўради
Машраб – исёнкор ўғил.
Яна шоир зарур бўлди
Сенинг сўз минбарингга,
Она - тилим, чиқди шоир
Турди, яраб корингга.
Муқимликни кўрдинг йиллаб,
Йиғлаб юрдинг фурқатда.
Кўплар сени унутди
Давомли бу кулфатда.
Тумтароқ хонликлардан
Турфа жаҳолат қолди.
Ким неча йиллар янглиш
Халқим оми саналди.
Ким айтар «бу ғалвирдан
Осон ўтди ватаним».
Мен айтарман, “не бахтки,
Омон ўтди ватаним».
Боис – ҳар сўзинг уни
Келажакка чорларди.
Шеърият осмонингда
Чўлпонларинг порларди.
Янгрардинг авж пардада
Яна - да ҳур, яна шан.
Лекин, одат, боқдилар
Сенга ҳам ҳасад билан:
Бир бурчакда тўпланиб
Тил билмас уч - тўрт ғалча,
Фарзандларинг бошига
Мусибат солди қанча.
Китоб кўтарган кимса
Таҳликали кўринди,
Нондай азиз битиклар
Ерга пинҳон кўмилди.
Асил шоирларингни
Халқ душмани дедилар,
Қарғадилар, сўкдилар,
Бир - бир бошин едилар.
Шоирни ўлдирарлар,
Ўлдириб бўлмас сўзни.
Сен тирик қолдинг яна,
Халқимнинг кўрар кўзи.
Не тонг, Мустақилликнинг
Шамоллари эсиб шан,
Олдинг давлат мақомин
Қанча тил аро расман.
Пешонангга тақдирнинг
Саодати ёзилган.
Бугун сенда Қуръони
Карим, ҳадис босилган.
Мен ҳам — улуғлигингга
Орқа қилган қаламкаш.
Сенда қандай куйладим,
Элга ҳавола яккаш.
Тасодиф кўп дунёда,
Шоир бўлсам - да бир кун —
Ҳикматинг мен учун бу,
Мурувватинг мен учун.
Бўлолмасам, айб менда,
Севолмабман сени, оҳ.
Ҳар икки ҳолатда ҳам
Сенга содиқман бироқ,
Она - тилим, жон тилим.
Зеро мен сеникиман,
Сен туйган завқникиман,
Сен куйган қайғуники,
Она - тилим, жон тилим.
Сен мангусан, бақосан,
Мен эсам – ўткинчи зот.
Сен ҳамиша баҳорсан,
Мен – лаҳзалик хотирот.
Она тилим, жон тилим.
Сенсиз мен сўладирман,
Девона бўладирман.
Туққанимга етти ёт
Бегона бўладирман,
Она - тилим, жон тилим –
Юрагимнинг қошида
Сайраб турган булбулим.
Хуршид Даврон
1 - бошқарувчи: “Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз”- деб айтган экан ўзбек тилининг асосчиси Мир Алишер Навоий бобомиз.
2 - бошқарувчи: Ҳа, тилимизни эъзозласак, уни яхши ўрганишимиз ва ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатишимиз лозим.
1 - бошқарувчи: Бу ҳақида доно боболаримиз кўп ҳикматли гаплар айтишган.
(Ҳикматли сўзлар)
Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар (Абдулла Қодирий).
2 - бошқарувчи: Инсон боласи дунёга келиб она тилини илк бор она алласида эшитади. Одамийлик, одоблилик, тили - нинг асл бойлиги Она орқали қалбга сингади.
1 - бошқарувчи: Онамизнинг оқ сути, ёқимли алласи ва чексиз меҳри орқали инсонийлик фазилатлар ва она тилимизнинг бор бойлиги вужудимизга сингар экан,
2 - бошқарувчи: Ҳамиша буюк зот - онамиз олдида бош эгамиз!
“Тилга ихтиёрсиз - элга эътиборсиз”- деб айтган экан ўзбек тилининг асосчиси Мир Алишер Навоий бобомиз. Ҳа, тилимизни эъзозласак, уни яхши ўрганишимиз ва ҳар бир сўзни ўз ўрнида ишлатишимиз лозим. Бу ҳақида доно боболаримиз кўп ҳикматли гаплар айтишган.
Инсон боласи дунёга келиб она тилини илк бор она алласида эшитади. Одамийлик, одоблилик, тилининг асл бойлиги Она орқали, Онамизнинг оқ сути, ёқимли алласи ва чексиз меҳри орқали инсонийлик фазилатлар ва она тилимизнинг бор бойлиги вужуди - мизга, қалбимизга сингади. Шу билан бирга давлатимиз тили бўлган қозоқ тилини чуқур ўрганиш, шу тилда бемалол кишилар билан мулоқотда бўла олиш, иш қоғозларини ёза олиш ҳар бир қозоғистонлик ўғил - қизнинг ҳам фуқоролик ҳам фарзандлик бурчидир.
1 - ўқувчи:
Она тилим - муқаддас тилим,
Момолардан қолган мероссан.
Сенда сўзлаб, сайрайди дилим,
Жарангдорсан, ўзбекка хоссан.
2 - ўқувчи:
Ўзбек тилим - бу она тилим,
Шууримда ягона тилим.
Улуғ тилим, бадавлат тилим,
Она тилим ҳам мерос тилим.
3 - ўқувчи:
Қалбимга жо бўлган тилимсан,
Жаҳонимсан, жону дилимсан.
Миллатимга меҳригиёсан,
Руҳимдаги ёрқин зиёсан.
1 - бошловчи:
Тил – кўнгил мулки
Тил – миллатнинг ўзлигидир. Тарихи бир неча минг йилларга бориб тақаладиган она тилимиз бошидан кўп синовларни, оғир кунларни ўтказди. Ўзбек фарзандлари ўз тилида гапиришдан маҳкум этилган кунлар ҳам бўлди. Аммо барчаси барҳам топиб, Она тилимиз ёруғликка юз тутди
Ширин сўз – жон озиғи! Дар¬ҳақиқат, бир - биримизга меҳру муҳаббатимизни, чексиз ҳурматимизни, қадр - қимматимизни тил орқали баён қиламиз. Она тилимиз бизнинг бахту иқболимиз, шундай эмасми?
Биринчи бошловчи иккинчи бошловчига юзланади.
2 - бошловчи: Албатта, тил миллатимизнинг бойлиги, фахри ва ғурури. Уни асраб - авайлаш, қадр - қимматини ошириш биз ёшларнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.
1 - бошқарувчи: Шунинг билан бугунги байрам дастуримиз ниҳоясига етмоқда.
2 - бошқарувчи: барчангизни Яна бир бор байрам билан табриклаймиз!
Муталова Махфуза
65-чи сонли А. Музрапов номли ўрта мактаб ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси