Просмотр содержимого документа
«Советлар томонидан ўзбекистонда ўтказилган аҳолини кўчириш сиёсати»
Ш. МУРОДОВ, НамДУакадемик лицейи тарих фани ўқитувчиси
СОВЕТЛАР ТОМОНИДАН ЎЗБЕКИСТОНДА ЎТКАЗИЛГАН АҲОЛИНИ КЎЧИРИШ СИЁСАТИ
Ўзбекистоннинг ХХ асрнинг иккинчи чорагидаги демографик ўзгаришлар таркибида советлар томонидан аҳолини кўчириш сиёсатининг амалга оширилиши ҳамда унинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий оқибатлари муҳим ўрин эгаллаган. Мазкур сиёсатдан асосий мақсад пахтачиликни ривожлантириш, яъни янги ерларни ўзлаштириш, пахта майдонларини кенгайтириш ва пахта монополиясини кучайтиришга қаратилган эди. Шунингдек, пахтачиликни яхши ўзлаштирган ҳудудлар аҳолисини маълум бир қисмини янги ўзлаштирилмаган ерларга кўчириш орқали республикадаги мавжуд демографик муаммони бартараф этиш ҳам кўзда тутилган.
Россия империясидан мерос бўлиб қолган мазкур сиёсатни амалга ошириш совет ҳукуматининг Ер-сув ишлари Халқ Комиссарлиги томонидан 1926 йилги ер-сув ислоҳоти даврида бошланган. Аҳолини кўчириш уч босқичда амалга оширилган. Биринчи босқич 1926 йилдан 1928 йилгача давом этган бўлиб, унда аҳолини кўчиришнинг ҳуқуқий негизи ва механизми яратилган ҳамда кўчириш фақат округлар ичида олиб борилган1. 1929 йилдан бошлаб 1932 йилгача давом этган иккинчи босқичда аҳоли республика бўйлаб дашт-чўл ерларга ва республика ортига, аниқроғи Тожикистон ва Озарбайжон ҳудудларига кўчирилган2. Учинчи босқич 1932 йилдан кейинги йиллар бўлиб, аҳолини кўчириш сиёсати аввалги тартиб ва йўналишларда давом этган.
Бу жараёнда пахтачилик билан азалдан шуғулланиб келган ўзбеклар билан бирга деҳқончилик билан шуғулланмаган кўчманчи чорвачилик, майда ҳунармандчилик ва савдогарлик билан машғул бўлган қирғиз, қозоқ, туркман, лўли, жуҳуд каби бошқа миллат вакиллари ҳам кўчирилиб, пахтачилик балан шуғулланишга мажбур қилинган
Аҳолини кўчириш сиёсати натижасида ҳал этиладиган масалалардан яна бири республикадаги колхозларнинг сонини кўпайтириш орқали коллективлаштириш сиёсатини амалга оширилишига ҳам кўмаклашиш режалаштирилган.
1925 йилдаги ҳисоб-китобга кўра Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида ортиқча ҳисобланган 53,3 фоиз аҳоли кўчирилиши керак бўлган. Фарғона водийси аҳоли зичлиги юқори, ер етишмовчилиги муаммоси ўткир бўлган ҳудудлар орасида биринчи ўринда турганлиги боис, кўчириш сиёсатига ҳам асосан водий аҳолиси тортилган. Зироатчилик, пахтачиликда катта тажрибага эга бўлган фарғоналиклар янги ўзлаштирилган ерларда бошқа миллат вакилларига бу борада устоз бўлишлари режалаштирилган эди3.
СССР МИК Президиумининг 1925 йил 10 апрелдаги «СССР МИК қошида Бутуниттифоқ Кўчириш Қўмитасини ташкил этиш ҳақида»ги қарори4 натижасида Бутуниттифоқ кўчириш комитети ташкил этилган. Шу йили Ўзбекистонда ҳам Ер-сув ишлари Халқ Комиссарлиги қошида кўчириш бўлими очилиб, унга аҳолини кўчириш ишларини йўлга қўйиш вазифаси юклатилган.
ЎзССР МИК ва ХКСнинг 1927 йил 21 февралдаги «ЎзССРда аҳолини кўчиришни республика бўйлаб режали ўтказилиши ҳақида»ги қарорига5 кўра Ўзбекистондаги аҳолини кўчириш бўйича вазифалар, мақсадлар ва кўчириладиган хўжаликлар учун имтиёзлар белгилаб берилган.
Ўзбекистонда аҳолини кўчириш ишлари Ер ишлари халқ комиссарлиги, унинг қошидаги кўчириш бўлими томонидан амалга оширилган бўлиб, режалилик, ихтиёрийлик, ташкилийлик, кўчирилганларга имтиёзлар бериш, аҳолини кўчиришда миллий, хўжалик, турмуш шарт-шароитларини ҳисобга олиш каби қоида-тамойиллар аҳолини кўчириш сиёсатига асос қилиб олинган6.
Кўчирилган аҳоли ҳам туб аҳоли сингари оғқоғозда қолиб кетган. Кўчирилганлар иш қуроллари, уруғлик, озиқ-овқат етишмовчилигидан қийналганлар. Тиббий хизмат ҳам ачинарли ҳолда бўлган. Шундай бўлса-да, кўчирилганлар ўзларининг сабр-тоқатлари, бардошлилиги, ташаббускорлик ва ғайрат-шижоатлари эвазига кўплаб ютуқларни ҳам қўлга киритганлар.
Умуман олганда Ўзбекистонда амалга оширилган аҳолини кўчириш сиёсати ўзининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб иттифоқдош республикалардаги кўчириш сиёсатидан фарқ қилган. Биринчи босқичда аҳолини кўчириш сиёсати кичик ҳажмда амалга оширилган. Иккинчи босқич эса аҳолини кўчириш сиёсатининг энг шиддатли даври ҳисобланади. Бу даврда аҳолини кўчириш жараёни ўзининг юқори нуқтасига кўтарилган. Учинчи босқичда ҳам аҳолини кўчириш тадбирлари кенг кўламда амалга оширилган.