Просмотр содержимого документа
«Научная статья:Здоровый образ жизни и народные спортивные игры»
ХАЛҚ ЎЙИНЛАРИНИНГ СОҒЛОМ АВЛОДНИ ШАКЛЛАНТИРИШДАГИ ЎРНИ
Здоровый образ жизни и народные спортивные игры
Абдуллаева Гавхар Гайбуллаевна
Бухарский колледж легкой промышленности и педагогики, Узбекистан
В данной работе Рассмотрено положение физической культуры в современном обществе и то, каким образом она способствует гармоничному развитию
Аннотация: Ушбу мақола миллий ўйинлар тарихи, уларнинг ёшларни жисмоний чиниқтиришдаги ўрни ва тарбиявий аҳамияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган. Халқ ўйинлари ўз фалсафаси, ўз ўрни ва ўзининг алоҳида ҳусусияти билан ажралиб туради. Мазкур мақолага миллий ўйинларимизнинг айримларини ташкил этиш қоидалари бўйича маълумотлар киритилган, холос.
Калит сўзлар: Рақс , томоша-театр, мусиқа, спорт, маросим, соғломлаштирувчи восита, халқ ўйинлари, аждодларимизнинг маданий мероси, ақлий, руҳий ва жисмоний баркамол, “Алпомиш” “Тўмарис” ўйинлари.
Ўзбек халқи асрлар давомида эзгуликни ўзида акс эттирган қадимий ва бой миллий маданияти билан жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган буюк халқлардан биридир. Республикамизни жаҳонга танитишда спортнинг аҳамияти катта бўлмоқда. Ҳозирги кунда миллий ўйинлар, кураш, улоқ шу билан бир қаторда халқаро спорт турлари – теннис, бокс, футболнинг дунё халқлари ўртасида ўзбекларнинг обрўсини оширишга хизмат қилаётганлигининг гувоҳимиз. Қадриятларни эъзозлаш, қадимий урф-одатларни шакллантириш, эътиқодларни мустаҳкамлаш, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий меросимизни келажак авлодга етказиш ва ёшлар онгига миллий халқ ўйинларининг мазмун-моҳиятини чуқур сингдириш бугунги долзарб масаладир.
Маълумки, инсон ўз ҳаётида ўйин, ўқиш, меҳнат, дам олиш каби машғулотлар билан банд бўлади. Инсон ҳаётининг дастлабки даврларида ўйин асосий фаолият ҳисобланади, кейин эса у ўқиш билан баравар давом этади, ундан сўнг эса ўйин камайиб, унинг ўрнини ўқиш ва меҳнат эгаллайди. Инсоният тарихининг дастлабки даврларида ҳозирги болаликдагидек ўйинлар ҳаётда муҳим ўрин тутган. Ўйинлар ёрдамида инсоният ўсган, улғайган, чиниққан, жисмонан бақувват бўлган, ақлан, руҳан ривожланган, маънан камол топган.
Хуллас, ўйин одамзот тараққиётида катта аҳамият касб этган. Бунинг сабаблари қуйидагича: Биринчидан, инсоннинг ўйинга нисбатан табиий эҳтиёжи бўлиб, у ҳаётдаги бўшлиқни тўлдирган, инсон танидаги ортиқча кучни сарфлашга, етишмаган кучни тўплашга ёрдам берган.
Иккинчидан, ўйинлар халқ тарихининг инъикосидир. Ўйинларда инсоннинг турмуши, меҳнати, тажрибаси, ташвиши, кураши, ютуқлари ўз аксини топади. Ўйинлар орқали биз инсоният тарихи, орзу-ўйлари, муаммолари, ниятларини ўргансак бўлади.
Учинчидан, ўйин инсон маданиятининг энг қадимги кўриниши, кўпгина маънавий соҳа (рақс, томоша-театр, мусиқа, спорт, маросим каби) ларнинг манбаи сифатида хизмат қилган.
Тўртинчидан, ўйинлар авлод-аждодларимизнинг соғломлаштирувчи воситаси ҳисобланган. Ота-боболаримиз халқ ўйинлари ва мусобақалари ёрдамида ақлан расо, руҳан тетик, жисмонан бақувват бўлиб келган. Соғлом авлодларни шакллантиришда ўйинлар асосий омилга айланган.
Бешинчидан, ўйинлар энг самарали тарбия воситаси. Болалар ўйинлар орқали ҳаётга тайёргарлик кўрган, турмушдаги қийинчиликларни енгишни машқ қилган, иш ва курашда ғалаба қилишни ўрганган.
Олтинчидан, ўйинлар аждодларимизнинг тажрибасини ўзида уйғунлаштирувчи маданий мерос ва замондошларимизни, айниқса ёш авлод ақлий, руҳий ва жисмоний баркамол бўлишига хизмат қилувчи бебаҳо манбадир. Халқ ўйинлари янги соғлом авлодни шакллантиришда ҳам ўта муҳим ўрин тутгани учун биз уларни кўз қорачиғидек асрашимиз, эъзозлашимиз ва улардан оқилона фойдаланишимиз зарур. Мустақиллик туфайли миллий қадриятлар – миллий онг, тарихий хотира, азалий анъаналар, диний эътиқодлар, халқ ижоди қаторида миллий ўйинлар ҳам жадал тиклана бошлади. “Халқ ўйинлари байрами” (1991, 1992, 1993й.й. Фориш), “Миллий спорт ва халқ ўйинлари” I–II Олимпиадалари (1994, 1996й.й. Фориш), “Алпомиш” I Республика халқ ўйинлари фестивали (1998, Термиз), “Тўмарис” қизлар миллий фестивали (1999, Жиззах), “Алпомиш” II Республика халқ ўйинлари фестивали (2000, Фарғона), “Тўмарис” II (Шаҳрисабз, 2001), Ўзбек миллий ўйинлари фестивали (2005й. Жиззах ш.), “Тўмарис” III қизлар миллий фестивали (2007й. Наманган ш.), Ўзбек миллий ўйинлари фестивали (2007й. Чирчиқ ш.) каби йирик анжуманлар – ўзбек халқ ўйинлари тарихида янги даврни бошлаб берди.
Халқ ўйинларининг шаклланиши. Жуда қадимий ва бой тарихга эга бўлган халқ ўйинларининг илдизлари инсоният пайдо бўла бошлаган ибтидоий даврга бориб тақалади. Содда-содда ўйин турларининг ҳозир ҳам ҳайвонот дунёсида учраб туриши, ўйинлар тирик (жонли) мавжудотга хос фаолият эканлигидан далолат беради.
Инсоннинг шаклланишида ўйинлар муҳим ўрин эгаллаб келганлиги сир эмас. Ибтидоий одамлар териб еб кун кечириш билан машғул бўлган даврда бу соҳага оид тажрибалар билан бирга ўйин-мусобақаларга ҳам эҳтиёж сезила бошлади. Бунинг сабаблари қуйидагича: Биринчидан, териб ейиш даврида ким кўп ва тез мева захираси йиғса, у тўқ бўлган. Бу ўзига хос мусобақани вужудга келтирган.
Иккинчидан, моҳир теримчилар қариганда, уларга дарахт учига чиқиб, хатарли шохларда туриб, мева териш қийин бўлган. Болаларда эса, ҳаракат- ўйинларга мойиллик бўлган. Бундан фойдаланган қарилар болаларга мева теришни иш сифатида эмас, балки ўйин шаклида ўргатишган. Учинчидан, ибтидоий даврда уруғ-қабилалар ўртасида серҳосил жойлар учун жанглар бўлиб, бунинг оқибатида қурбонлар кўп бўлган. Борган сари бу масалаларни маданий шаклда ҳал қилиш йўллари изланган. Вақт ўтиши билан тугайдиган жанглар ўрнига, маданийлашган кураш-олишувлар вужудга келган. Тўртинчидан, қабилалар ўз муаммоларини жанжал билан эмас, балки тинчлик йўли билан ҳал қилиш мақсадида қўшни уруғ вакилларини меҳмонга чақирган. Инсон тили ривожланмаган бу даврда меҳмон ва мезбонлар ўз фикрларини пантомимик ўйин-рақс шаклида ифодалашган.
Инсон темирчилик билан машғул бўлган даврдаёқ ўйинларнинг илк шакллари мева териш бўйича мусобақа, тарбиявий ўйин-машғулотлар, сардорлар олишувлари, пантомимик ўйин-рақслар шакллана бошлайди. Одамлар овчилик билан шуғуллана бошлаганда уларнинг ови самарали тугаса – қорни тўйган, ов натижа бермаса-оч қолган, қийналган. Овдан ўлжа билан қайтишаётган овчилар, хурсанд бўлиб, ов жараёнини имо-ишора, махсус ҳаракатлар ҳамда ўйин шаклида такрорлашга ҳаракат қилишган. Натижада “ов ўйинлари” номи билан тарихда муҳим ўрин тутган маданий тадбир вужудга келган.
Ибтидоий одамлар ҳаётида “овчилик ўйин” лари муҳим ўрин тутиб, улар овдан олдин ҳам, ундан сўнг ҳам ўтказилган. Овдан олдинги ўйинлар – ов олди машқи (овга тайёргарликни текшириш, овга руҳий ва жисмоний шайланиш) вазифасини ўтаб, ўзига хос кичик жиддий тадбир шаклида уюштирилган. Бу ўйинларда ёшларни ҳам ов қилишга ўргатишган.
Ўйин фақатгина чаққонлик машқи, довюраклик дарси бўлиб қолмасдан, балки ўз замонасига мос одамларни тарбиялаш мактаби ҳам бўлиб хизмат қилган. Шундай қилиб, энг қадимги даврдан бошлаб инсон ҳаётида термачилик, овчилик, чорвачилик, деҳқончиликка оид меҳнат тажрибалари билан бирга ўйин-рақслар шакллана бошлайди. Онгли меҳнат ва тажриба асосида турли ўйинлар пайдо бўлади. Ўз навбатида бу ўйинлар меҳнатнинг тараққий этишида, инсон ривожланишида ҳам муҳим ўрин тутади.
Образли қилиб айтганда, ўйин кўпгина қадимий маданий машғулот турларининг, жумладан, рақс, театр, спорт кабиларнинг “онаси” ҳисобланади. Дастлаб ўйин инсоннинг ривожланиши учун керак бўлган бўлса, кейинчалик инсон ўйинни ривожлантирди. Ҳар бир тарихий давр ўз ўйинларини яратади ва бу ўйинлар ўз даври кишисини тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Ўйинлар одамларда яшаш учун энг зарур бўлган сифатларни шакллантирибгина қолмай, балки уларни ҳар томонлама – маънавий, ақлий, жисмоний ривожлантиришда ҳам аҳамиятли бўлган.
Ўйинлар халқ ҳаётининг муҳим қисми бўлганлигини Шарқ алломалари – Фирдавсий, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Қошғарий, Кайковус, Алишер Навоий, Бобур асарларидан ҳам билса бўлади. Чунки Фирдавсий – Шох ўйинлари, Беруний-қадимги халқлар ўйинлари, Ибн Сино-ўйиннинг шифобахш хусусиятлари, Маҳмуд Қошғарий-туркий халқларга оид кўплаб ўйин турларининг баёни, Кайковус-ўйинларда қатнашиш одоби, Алишер Навоий-паҳлавонлик, зўрчи завқи-шавқи ҳақида жиддий фикрлар изҳор этганлар. Тарихий ўйинларни ўрганишда Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит турк” асари муҳим ўрин тутади. Бу луғатда халқ ўйинларининг 150 дан ортиқ турлари тилга олинади ва уларнинг 20 тасига таъриф берилган. Жумладан, девонда “Қоранғуни” (қоронғуда қўрғон олиш), “Бандол” (асир олиш), “Ўтиш-ўтиш” (давра ўйини), “Мунгиз” (сув ўйини), “Чавгон” (тўп ўйини), “Ўтиш-ўтиш” (туртиб ўтиш ўйини), “Ўт бандал” (таёқ ўйини), “Тирандозлик”, “Оқ сўнгак”, “Жангли-мангли”, қиличбозлик, найзадорлик, ўқ отиш каби кўплаб ўйинлар ҳақида маълумотлар келтирилади.
Шунингдек, “Сўқимга боқиладиган”, “Юк ташиш”, “Казот”, “Пойга” каби от ўйинларига ҳам тўхталган.Маҳмуд Қошғарий ўйин ва мусобақаларга нисбатан “баҳс” атамасини ишлатган. (Масалан, мерганлик баҳси, ҳайвонларни овламоқ баҳси, от устида олишиш баҳси ва ҳоказо). Девонда ўйинларга оид кўплаб атамалар ҳам келтирилади. Масалан, “ойун” (ўйин), “ойнагу” (ўйинчоқ), “утуш” (ютуш), “тобиқ” (чавгон тўпи), “чўмишди” (сувга шўнғишда баҳслашув), “тулди” (урди) ва ҳоказо.
Афсонавий “Алпомиш” достони халқ ўйинларини ўрганишда ўта муҳим манба бўла олади. Унда кураш, от пойга, улоқ, найза санчиш, камондан ўқ отиш, қиличбозлик, мерганлик каби ўйинлар негизида жасурлик, жанговарлик, ориятлилик, матонат, маънавий ва жисмоний комиллик билан боғлиқ фазилатларни тарбиялаш бўйича халқ тажрибаси ўз ўрнини топган. Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳар томонлама камол топишида ҳам ўйинлар катта роль ўйнаган. Амир Темур ёшлигида олишув-кураш, от ўйинлари, чавандозлик, найзабозлик, тош кўтариш, узоққа чопиш каби мусобақаларда қатнашиб, чиниққан. Ёшлигидаги бу ўйин-машқлар кейинчалик соҳибқиронга жуда асқотган. Ўзи ўйин-машқларда чиниққан Амир Темур халқ ўйинларидан ўз қўшинини ҳарбий тайёрлашда кенг фойдаланган. Жаҳонгир Амир Темур ўз қўшинининг руҳий ва жисмоний бардам қилиш учун машқ, мусобақа, ўйинлар тизимини яратган.
Ўзбек халқ ўйинлари орасида бошқотирма, сўз, қўшиқ, рақс-ўйинлар, воқеабанд ҳаракатли ўйинлар турлари машҳур бўлган. Бироқ илмий адабиётларда ҳанузгача қабул қилинган умумий таснифни топиш қийин. Шундай бўлсада биз ўйинлар ва уларга хос айрим анъаналарни қуйидаги гуруҳларга бўлиб ўрганамиз.